Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази Чуст тумани бўлими ташаббуси билан таниқли шоир Набихон Нуриллоҳ Ҳожи ўғли Чустий таваллудининг 120 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Чуст туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ижодий кечада мақомшунос олим, профессор Соибжон Бегматов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроилжон Ваҳобов, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Матлуба Дадабоева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аҳмаджон Дадаевлар сўзга чиқиб, Чустий ижодининг ўзбек санъатидаги ўрни, асарларининг бадиий қиймати ҳақида сўзлаб, миллий мақомлардан ижро этишди.
Тадбир мушоирага айланиб кетди ва мактаб ўқувчилари томонидан Чустий қаламига мансуб шеърлар ўқилди. Айниқса, жадид боболаримиз сиймолари гавдалантирилган саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Меҳмонлар тадбир доирасида Набихон Чустийнинг қабрини зиёрат қилдилар.
Набихон Нуриллоҳ Ҳожи ўғли Чустий ҳақида
Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа ўғли 1904 йилнинг 20 февраль куни Наманганнинг Чуст туманидаги тўқувчи-ҳунарманд оиласида дунёга келган. Чустий шоирнинг адабий тахаллуси ҳисобланади.
Чустий бутун умри давомида йигирмага яқин шеърий тўплам яратган ва нашр эттирган. Унинг «Қўзғол» (1942), «Шамшир» (1943), «Лолазор» (1945), «Ҳаёт завқи» (1951), «Гул мавсуми» (1969), «Ғазаллар» (1978), «Ёд этинг камтарин Чустийни ҳам» (1984) каби қатор шеърий мажмуалари қаторида «Зафарнома» (1939), «Тириклайин жаннатга кирган кампир» (1939), «Кийикнома» (1940), «Гул садоси» (1949), «Уйғуробод» (1948), «Боғи эрам» (1978) каби достонлари ҳам китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шунингдек, шоирнинг мумтоз адабиётимиз анъаналаридан озиқланган «Ҳаётнома» (1988), «Садоқат гуллари» (1992), «Кўнгил тилаги» (1994) каби девонлари китобхонга Шарқ — мусулмон ахлоқи фалсафасини сингдиришда эстетик роль ўйнайди.
Чустий қўшиқчи шоир сифатида айниқса, машҳур эди. Унинг «Ёримга савол», «Ноз этма», «Авора бўлма дейди», «Минг балони енгади», «Муҳтож бўлмағай», «Сурмага муҳтож эмас», «Бевафоларнинг иши», «Ошно бўлмай туриб» ва «Онанома» каби ўнлаб кўшиқлари ҳозирги кунда ҳам хонандаларимиз сози ва овозида баралла янграмоқда.
Чустий драматург ва таржимон ҳам эди. У бошқа муаллифлар билан ҳамкорликда «Даврон ота», «Қурбон Умаров» ва «Жасур оила» каби саҳна асарларини ёзган. Ҳофиз, Собир Термизий, Мирза Ғолиб, Али Сардор, М. Турсунзода асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Чустий 1983 йил 13 августда вафот этган.
ЎзА