Чой, маданият, тинчлик
Самарқандда шу номдаги илк чой фестивали ўтказилди.
Чой дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган ичимликлардан бири. Беш минг йиллик тарихга эга чойнинг дунё миқиёсидаги маданий ва иқтисодий аҳамиятини эътироф этган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2019 йил 19 декабрдаги Бош Ассамблеяси 21 майни “Халқаро чой куни” деб эълон қилди. 2022 йилда эса Хитойнинг анъанавий чой ишлаб чиқариш ва тайёрлаш техникаси ЮНЕСКОнинг жаҳон номоддий маданий мероси объектлари рўйхатига киритилди.
Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбекистонликлар учун чой шунчаки ичимлик эмас, у ҳар бир оиланинг турмуш тарзи, кундалик ҳаётининг ажралмас қисмидир. Мамлакатимизда кўп асрлик ўзига хос чой анъаналари мавжуд.
Ана шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда Самарқанд халқаро технология университети ташаббуси билан ташкил этилган чой фестивалида Хитойнинг “Teo, Amo kaj la Mondo” халқаро лойиҳаси, Тиантзин эсперанто ассоциацияси, Тиантзин фан ва технология университети, Халқаро чой маданияти базаси, Четзиан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги университети экспертлари, маҳаллий чой ишлаб чиқарувчилар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
[gallery-12027]
– Бу фестивални ташкил этишдан мақсадимиз – ҳам миллий доирада, ҳам халқаро даражада ўзбек чой маданиятининг ўзига хослигини намоён этиш, чой ва чой ичиш билан боғлиқ меҳмондорчилик маданиятини тарғиб қилиш, самарқандликларни ва шаҳримиз меҳмонларини турли халқ ва мамлакатларнинг чой ичиш маданияти ва чой маросимлари билан таништириш, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Яқинда биз Хитойга ташрифимиз чоғида “Teo, Amo kaj la Mondo” (“Чой, муҳаббат, тинчлик!”) халқаро лойиҳасининг координатори билан суҳбатлашдик ва мазкур фестивални ташкил этиш ташаббусимизни билдирдик. Бугунги фестивалимизга хитойлик дўстларимиз энг яхши чой турларини, чойхона учун анъанавий чойнак-пиёлаларни, чой ҳақида эсперанто, рус ва хитой тилларида ёзилган китоб ҳамда бошқа буюмларни Самарқандга жўнатишди.
Фестиваль иштирокчиларини хитойлик ёзувчи, “Чой етиштириш усталари ҳақида трилогия” асарининг муаллифи профессор Ван Сюфен, Тянтзин Фан ва технология университети халқаро алмашув бўлими директори Ву Зҳенжун, Тиантзин эсперанто уюшмаси раҳбарлари Хан Дақианг ва Лин Лиша видеомурожаат билан табриклади.
Тадбирда Самарқанд халқаро технология университети ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган “Teo, Amo kaj la Mondo” фотокўргазмаси, “Amir Tea Samarqand” масъулияти чекланган жамиятининг энг яхши чой намуналари кўргазмаси, хитой, корейс, ҳинд, ўзбек ва бошқа халқларнинг миллий чой маросимлари, фольклор дасталарнинг ашула ва рақслари намойиш этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА