Чорвачиликда насли яхшиланган қорамоллар улуши ошиб бормоқда
Чорвачиликда кўрилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Кейинги беш йилда йигирмадан ортиқ давлатдан 196 минг 647 бош наслли қорамол, 611 минг 728 бош наслли қўй-эчки 1 минг бошдан ортиқ от, 6,4 миллион бош наслли парранда олиб келинди.
Хусусан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан чорвачиликда насилчилик ишини жадал ривожлантириш асосан икки йўналишда олиб борилмоқда.
Яъни, аввало четдан юқори маҳсулдор наслли моллар олиб келиниб, маҳаллий иқлимга мослаштириляпти.
Иккинчи йўналиш бўйича эса наслдорлиги юқори баҳоланган зотдор буқаларнинг музлатилган уруғи билан маҳаллий чорва сунъий уруғлантирилмоқда.
Натижада рақамларда аниқ кўринади. 2018-2019 йилларда мамлакатимизда сут ва сут-гўшт йўналишида бор-йўғи Қора-ола голштин, Қизил ола голштин, Симментал, Қизил чўл зотлари парваришланган бўлса, бугунги кунда сут йўналишида Флекфи, Қизил эстон, Холмогор, Тагил, Джерсей, Монбильярд, гўшт йўналишидаги тез етилувчан қорамолларнинг Абердин-ангус, Шароле, Герефорд, Лимузин, Авлиёкўл каби янги зотлари ва қўйларнинг Меринос, Романов, Эдилбой, Дорпер ҳамда эчкиларнинг Ангор, Мурсиано ва Занен каби зотлари маҳаллий шароитга тўлиқ мослаштирилди.
Чорванинг наслини яхшилаш мақсадида Наслчилик илмий ишлаб чиқариш маркази, Фарғона вилояти Қува туманида жойлашган “София Султан” фермер хўжалиги ва Қибрай туманида жойлашган “Насл чорва ривожлантириш станцияси” масъулияти чекланган жамиятида наслли буқаларнинг музлатилган уруғи қадоқланмоқда.
Ушбу корхоналардаги жаҳон генфондига хос ўндан ортиқ зотга мансуб буқалардан олинган уруғ жуфтлаш режаси асосида жойларга етказиб берилмоқда.
“Ўзнаслчилик” давлат корхонаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида 5 минг доза уруғ экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланиб, бугунги кунга қадар 2,7 минг доза музлатилган наслли буқа уруғи экспорт қилинди.
Шунингдек, корхона Жаҳон банкининг грант маблағлари ҳисобидан “Minintube” компаниясининг андровизион лаборатория ускунаси билан жиҳозланди.
Жойларда наслчилик ишларини ривожлантириш ва сунъий уруғлантириш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан сунъий уруғлантириш шохобчалари зурур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Сунъий уруғлантириш ишларига қўшимча уч минг нафар техник мутахассис жалб этилди.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети “Кадрларнинг малакасини ошириш маркази”да техник-осеменаторларнинг малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этилди.
Бугунги кунга қадар республика бўйича 2000 нафар мутахассислар ўқитилиб сертификатлар берилди.
Шунингдек, сунъий уруғлантиришнинг самарадорлигини ошириш мақсадида суюлтирилган азот жойларга бепул етказиб берилмоқда.
Наслчилик билан шуғулланувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз томонидан бир қатор имтиёзлар яратилган.
Жумладан, наслчилик субъектлари асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилмоқда.
Наслчилик мақомини бериш хизмати электрон тизимга ўтказилиб, ягона интерактив давлат хизматлари порталида орқали амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда наслчилик хўжалиги мақомига эга субъектлар сони 1774 тага етказилди.
Уларда айни пайтда 280,4 минг бош қорамол, шу жумладан 127,1 минг бош сигир, 329,6 минг бош қўй ва эчки, 2,9 минг бош йилқи, 4,5 млн. бош парранда парваришланмоқда.
Бугунги кунда бир бош сигирнинг ўртача сут маҳсулдорлиги 3 минг 400 кг. га (2019 йилда 2800 кг эди) ва сўйишга мўлжалланган бир бош қорамолнинг ўртача тирик вазни 390 кг. га умумий подада соф зотли қорамоллар улуши 14 фоизга, насли яхшиланган қорамоллар улуши 72 фоизга, майда шохли молларда ҳам наслли қўй ва эчкиларнинг умумий подада соф зот улуши 22 фоизга, насли яхшиланганлар улуши 70 фоизга етказилди.
Икром Аввалбоев, ЎзА