Чорвачиликда махсус сервис корхонаси ташкил этилади
Президентнинг 2026 йил 5 августдаги «Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги муассислигида махсус сервис корхонаси ташкил этилади.
Янги тузилма хориж томонидан йирик ва майда шохли наслдор қорамолларни импорт қилиб, уларни чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига етказиб беради. Корхона чорва моллари топширилгач, камида 12 ой давомида озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш ва зоотехника каби комплекс хизматларни ўз ичига олган махсус сервис пакетини тақдим этади.
Бундан ташқари, қарор билан 2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар наслдор урғочи қорамолларни сақлаш ва парваришлаш учун 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача босқичма-босқич субсидиялар ажратилиши белгиланди.
Бу чора-тадбирлар соҳада замонавий сервис тизимини шакллантириш ва юқори маҳсулдор чорва моллари сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
Ш. Маматуропова, ЎзА