Чорвачиликда Корея технологияси қўлланилмоқда
Чорвачиликнинг сир-синоатлари кўп.
Чорвачиликнинг сир-синоатлари кўп. Бугунги кунда аҳоли сонининг ортиши натижасида гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ошди. Шу боис чорва молларини етиштириш ҳажмини ошириш, наслини яхшилаш борасида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Аммо чорва моллари учун озуқа базасини яратиш, омихта ем етказиб бериш ва ем-хашакларнинг нархини арзонлаштириш каби масалалар ҳамон муаммолигича қолмоқда. Натижа эса сут ва гўшт маҳсулотларининг нархи ошишига сабаб бўлаётир.
Қашқадарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, “Чорванасл” маркази ҳамда Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ва Жанубий Корея Республикасининг “KOPIA” TMR (Total Mixed Ration) маркази билан олиб борилаётган ҳамкорликдаги лойиҳа юқоридаги муаммоларга бироз бўлсада ечим бўлади.
Мазкур лойиҳа асосида вилоятнинг Қамаши ва Яккабоғ туманларида кам таъминланган 30 та аҳоли хонадонларига 3 бошдан ривожи орқада қолган 6-8 ойлик маҳаллий бузоқлар беғараз боқиш учун берилиб, омихта ем, витаминлар, макро ва микро элементлар билан таъминланиб, гўшт етиштириш технологияси ўргатилмоқда.
Масалан, ушбу лойиҳа асосида Қамаши туманидаги 15 та хонадонга 45 бош бузоқ тарқатилган. Туманнинг Қирққиз қишлоғида яшовчи Низомиддин Эрдонов ҳам ушбу технология асосида 3 бош йирик шохли чорва молларини парваришламоқда.
- Бузоқларни 6 ойдан буён боқамиз, - дейди хонадон соҳиби Н.Эрдонов. – Уларнинг биттаси эркак ва иккитаси урғочи. Мутахассисларнинг ўзи шундай танлашган. Оддий усулда сомон ва омихта ем аралашмаси билан боғланган ҳолда боқяпмиз. Бунинг учун махсус охир тайёрлаганмиз. Дастлаб, унга сомонни соламиз, сув билан намлаймиз, кейин 4,5 килограмм кепак ва микро элементлар солинган омихта емни аралаштириб, устини селофан билан ёпиб, 12 соат давомида димлаб қўямиз. Шундай қилинса, сомон юмшайди. Тайёр бўлган озуқани кун давомида уч маҳал берамиз. Туз ва сув доимий равишда олдида туради. Молларнинг остини доимий равишда тоза сақлаймиз. Чорвамизнинг ўзгариши ёмонмас. Шу йўсинда 20 ой боқамиз. Ташкилотчилар билан келишувимиз бўйича боқиб бўлгандан сўнг икки бош мол ўзимизда қолади. Бир бошини олиб кетишади.
Чорвадорнинг таъкидлашича, ушбу бузоқларнинг ҳар бири 1 миллион 600, 1 миллион 700 минг сўмдан келтирилган. Ҳозирда ҳар бири 3,5-4 миллион сўмга баҳоланмоқда. Уларнинг қай тарзда парваришланиши, соғломлиги, ўзгариш босқичлари лойиҳа ташаббускорлари томонидан мунтазам назоратга олинган.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан Жанубий Кореяда аҳолининг асосий қисми ёғсиз гўшт истеъмол қилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқоридаги усулда боқилган мол ортиқча ёғ боғламайди ва унинг гўшти ёғсиз бўлади. Афзаллик томони шундаки, бу усулда тайёрланган мол гўштини бемалол чет давлатларга экспорт қилиш имкони мавжуд.
Ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам келажакда экспортбоп гўшт етиштириш технологиясини пухта ўзлаштириш ва аҳолини иш билан бандлигини таъминлашдир. Келгусида бу лойиҳа асосидаги ишларни вилоятнинг барча туманларига жорий қилиш кўзда тутилган.