Чорвачилик тармоғини ривожлантириш ҳолати қандай?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ЎзЛиДеП фракцияси билан ҳамкорликда эшитув ўтказилди.
Унда Президентимизнинг “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Паррандасаноат” ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмалари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга кенг татбиқ этилиши натижасида юртимизда чорвачилик фермер хўжаликлари сони 6 минг 820 тага етди. Шундан 100 бошгача қорамоли мавжуд хўжаликлар 5 минг 551 та, 100 бошдан 300 бошгача 1 минг 36 та, 300 бошдан 500 бошгача 144 та, 500 бошдан 1000 бошгача бўлгани 63 та ҳамда 1000 бошдан юқори бўлган хўжаликлар сони 26 тага етказилган.

Шунингдек, чорва моллари озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 350 минг гектар асосий майдон, жумладан, 56 минг гектар беда, 146,2 минг гектар маккажўхори, 36,3 минг гектар оқжўхори ва 10,6 минг гектар хашаки лавлаги, бошоқли дондан бўшаган майдонларнинг 199 минг гектарига такрорий ҳамда 108 минг гектар майдонга оралиқ озуқабоп экинлари экилган.
Қайд этилганидек, ўтган 2020 йилда қиймати 1 триллион 800 миллиард сўмлик 932 та, шу жумладан, чорвачилик соҳасида 789 миллиард сўмлик 506 та, паррандачиликда 348 миллиард сўмлик 183 та, балиқчиликда 550 миллиард сўмлик 134 та ва қуёнчилик соҳасида қиймати 98 миллиард сўмлик 109 та лойиҳа амалга оширилган.
Шу билан бирга, “Паррандасаноат” уюшмаси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда паррандаларнинг юқори маҳсулдор зотлари ва кроссларини урчитиш билан шуғулланувчи гўшт йўналишидаги II тартибли репродуктор наслчилик-паррандачилик корхоналари ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда Андижон вилоятида “Барака ҳамкор парранда” МЧЖга 50 гектар, шундан, 22 гектар озуқабоп экинлар учун ер ажратилди ва мавжуд наслли парранда бош сони 22,7 минг бош бўйича репродуктор хўжалик ташкил этилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида “Эко агро капитал” МЧЖда репродуктор хўжалиги ташкил этиш лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва бир кунлик наслли жўжаларни хориждан келтириш бўйича шартномалар расмийлаштирилган.
Қўмита эшитувида кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
ЎзА