Чорвачилик: амалий ишлар самарадорлиги ортмоқда
Бухоро вилоятида ҳам янги йил байрами муносабати билан бозорларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилган. Олот тумани вилоятнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланади. Вилоят марказидан 70-80 километр узоқликда жойлашган. Мана шу олис туман деҳқонлари, чорвадор ва тадбиркорлари ҳам бозорларга сифатли маҳсулот чиқариб дастурхонлар тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Олот тумани “Қирлишон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермер, чорвадорлар Бухоро шаҳрининг бозорларига ўзлари етиштирган маҳсулотларни пешма-пеш етказиб бермоқда, – дейди маҳалла раиси Рустам Чориев. – Ярмаркада Олот заминида етиштирилган мева ва сабзавот маҳсулотлари шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Шу билан бирга чорвадорларимиз мол, қўй товуқ гўштини ва балиқ маҳсулотларини ҳам арзон нархларда сотмоқда.
Аҳолининг топаётган даромади аввало унинг осойишта яшаши, оиласи фаровонлигига хизмат қилади. Кўнгиллар шод жойда эса хотиржамлик, эртанги кунга бўлган ишонч янада мустаҳкамланади.
Биз бежизга мулоҳазаларимизни бозорлар тўкинлиги билан бошламадик. Боиси, кундалик турмушда гўшт, сут, балиқ, парранда маҳсулотларининг ўрни катта. Бугун қайси савдо мажмуасида бўлманг мамлакатимизда озиқ – овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, чорва моллари бош сони ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар нечоғли самара бераётганига гувоҳ бўласиз. Бу ўз навбатида нархлар барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилоятида жами 1048 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан қорамолчилик йўналишида 416 та, қўй ва эчкичиликда 207 та, йилқичиликда 3 та, туячиликда 2 та, паррандачиликда 92 та, балиқчиликда 349 та, асаларичиликда 47 та ва қуёнчиликда 9 та хўжалик самарали фаолият юритмоқда. Улар яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда.
– Жорий йилда вилоятимизда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича юқори натижаларга эришилди, – дейди Бухоро вилояти “Чорванасл” маркази раҳбари Носир Раҳматов. – Жумладан, аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичлари гўшт бўйича 300 минг тоннага, сут ва сут маҳсулотлари 1 миллион 100 минг тоннага, балиқ маҳсулотлари 45 минг тоннага бажарилди. Албатта, мамлакатимизда чорвачилик борасида олиб борилаётган сиёсат, давлат раҳбари томонидан қабул қилинаётган чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича қарорлар доирасида чорва моллари наслини яхшилаш бўйича жуда катта ишларни амалга ошираяпмиз. Ютуқларимиз ҳам салмоқли. Вилоятдаги мавжуд 1 миллион 300 минг қорамолларни 980 минг боши ёки 75 фоизи наслли молга айлантирилди. Қуйчилик ва паррандачилик тармоқларида ҳам катта ютуқларга эришилди. 2022 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг чорвачилик улуши 48 фоизга ёки 14 ярим триллион сўмга, 2021 йилга нисбатан 2 ярим триллион сўмга ортиқ кўрсаткичларга эришилди.
Президентимизнинг 2022 йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чорвачилик соҳасида янги даврни бошлаб берди. Мазкур қарор билан чорвачилик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорвачилик бўйича, шу жумладан, чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар, солиқ енгилликлари ва ажратилган субсидиялар тармоқ ривожига кенг йўл очди.
– Янги 2023 йилда ҳам чорвачилик тармоғини ривожлантириш бўйича дастурлар қабул қилинди, – дейди Бухоро вилояти “Чорванасл” маркази раҳбари Носир Раҳматов. – Дастурлар доирасида четдан 25 минг бош наслли қорамоллар олиб келинади. 70 минг бош маҳаллий зотли қорамолларни зотини яхшилашга эришиш бўйича режаларни тузганмиз. Гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичларини 130 фоизга ошириш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Албатта, бугунги кунда вилоятда ишлаб чиқарилаётган 1 миллион 100 минг тонна сутни 450 минг тоннасини қайта ишлашни амалга оширдик. Бу кўрсаткични янги 2023 йилда дастур бўйича 50 фоизга кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Худди шунингдек, гўшт маҳсулотларини яна 45 фоизга қайта ишлашни режалаштирганмиз.
Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик кластерлари асосий экин ер майдонларининг 10 фоизига алмашлаб экиш тизими жорий этилди. Бу нафақат чорвачилик хўжаликлари балки аҳоли билан боғлиқ бўлган ҳолда хар бир туманда камида биттадан гўшт ва сут кооперацияларини ташкил этиш имконини берди. Буни Когон тумани мисолида изоҳлайдиган бўлсак, натижалар салмоқли бўлганини кўриш мумкин.
–Туманимизда 2022 йилда чет элдан янги лойиҳалар асосида 200 дан зиёд наслли қорамоллар олиб келинди, – дейди Когон тумани “Чорванасл” маркази раҳбари Абдулла Ражабов. – Бу келгусида тумандаги қорамолларнинг зотини яхшилашга хизмат қилади. Зотли қорамолларни кўпайтириб аҳоли ва бошқа хўжаликларга сотишни режалаштирганмиз. Мақсад зотли қорамолларни кўпайтириб, аҳолини сифатли маҳсулотларга бўлган талабини оширишдан иборат. 2022 йилда 15 та қорамолчилик. 8 та паррандачилик ва 2 та балиқчилик лойиҳалари амалга оширилди. Бу туманда парранда тухуми, гўшти, қорамол гўшти сут ва сут маҳсулотлари ҳажмини оширишга хизмат қилди.
Бухоро вилоятида 2022 йилда қорамоллар бош сонини 1 миллион 350 минг бошга, гўшт ишлаб чиқаришни 315 минг тоннага, сут 1,2 миллион тоннага, тухум 625 миллион дона, парранда гўшти 51,5 минг тоннага ва балиқ етиштиришни 45 минг тоннага етказилиши бу бор имкониятлардан қисман фойдаланишнинг маҳсули. Янги 2023 йилда эса бунданда катта режалар ишлаб чиқилмоқда.
– 2023 йилда вилоятда ҳам чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар асосида аҳолимиз қарамоғидаги қорамолларни тўлиқ наслли зотга айлантириш ёки 200 минг бошли сигирлардан наслли бузоқ олишни режалаштирганмиз, – дейди Бухоро вилояти “Чорванасл” маркази раҳбари Носир Раҳматов. –Паррандачилик тармоқларида жорий йилда ишлаб чиқарилган 27 минг тонна парранда гўштини 50 минг тоннага, балиқчилик тармоғи бўйича 55 минг тоннага қўшимча балиқ ишлаб чиқариш бўйича амалий ишларни бошладик. Вилоятдаги мавжуд 1 минг 48 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларида хорижий технологиялар асосида озиқлантириш, парваришлаш ҳамда наслни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.
[gallery-10113]
Асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш, аҳолига тоза ва хавфсиз, арзон нархларда гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беришда ҳам илғор тажрибалар ўзлаштирилди. Махсус таҳлиллар натижасида нафақат маҳаллий, балки хориж бозорлари талабларига мос муҳсулот ҳажмини ошириш имкони яратилди.
– Бизнинг ушбу лабораториямиз вилоятда ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида таҳлилларни олиб боради, – дейди вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази директори ўринбосари Олим Шаропов. –Лаборатория асосан ҳайвонларнинг касаллигига ташхис қўйиш, уларни олдини олиш, олдиндан прогнозлаш ишларини олиб боради. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича келадиган маҳсулотларни таҳлил этади. Маҳсулотларнинг сифати кафолатланган тарзда етказиб берилишини таъминлайди.
Ҳозирда вилоятда чорвачиликда озуқа базасини мустахкамлаш масалалари ҳам тўла-тўкис ўз ечимини топди. Энг асосий жиҳатлардан яна бири тармоқ ривожи билан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Ишчи ўринлари сони ортди, ҳудудлар иқтисодий салоҳияти юксалиши учун мустаҳкам замин ҳозирланди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА