Чонь Тхи ХАО: Ўзбекистон менинг ҳам Ватаним!
Бир пайтлар мамлакатимиз олий ўқув юртларида уч ярим мингдан зиёд вьетнамлик талаба таҳсил олиб, мутахассислик дипломига эга бўлган. Уларнинг аксарияти ўқишни тугатгач, юрти равнақига ҳисса қўшган. Шу боис вьетнамликлар ўз давлати ривожланишида Ўзбекистоннинг ҳам хизмати бисёрлигини эътироф этишади. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда айни жиҳатлар қайд этилди.
Вьетнам делегацияси аъзолари билан кечган учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги, жумладан, олий таълим соҳасидаги алоқа тарихи узоқ ўтмишга тақалиши айтилди.
– Ёшлигимнинг энг гўзал – талабалик даври Ўзбекистонда кечган, – дейди делегация раҳбари Чонь Тхи Хао хоним. – Орадан кўп йил ўтди. Ўзбекистон таниб бўлмас даражада ўзгарибди, фақат ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, меҳрибонлиги ўша-ўша. Иқтисодиёт соҳасида ўқиб, кўп йил масъулиятли лавозимларда ишладим. Ҳаётда ўрнимни топишим, етук мутахассис бўлиб етишишимда юртингизнинг ўрни беқиёс. Демак, Ўзбекистон менинг ҳам Ватаним!
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва илм-фан соҳаларда яхши алоқа ўрнатилган. Ўзаро маданият кунлари, санъат ҳафталиклари ўтказилиб, турли учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
[gallery-13635]
Учрашувда маданий-гуманитар алоқани, икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги уқтирилди. Давлатларимиз ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳаза билдирилди.
Вьетнам сўнгги йилларда жадал ривожланаётган давлатлардан бири саналади. Ушбу мамлакатнинг туризм, қишлоқ хўжалиги соҳалари илғор тажрибаси мамлакатимизда ҳам ўзлаштирилмоқда. Мутахассисларимиз мунтазам равишда ўзаро тажриба алмашиб, малака оширади. Масалан, пахтачилик, полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Гўзал Сатторова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА