Ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши сабаб сувга бўлган эҳтиёж ҳам ортади. Шунинг учун бу мавсумда ичимлик сувидан самарали ва мақсадли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, айни кунларда мамлакатимизда ичимлик сувидан фойдаланишда қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда.

“Қашқадарё сув таъминоти” АЖ ҳамда Қашқадарё вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбирида Қарши туманида ичимлик суви тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати аниқланди.

Маълум бўлишича, Қарши тумани Юқори Бешкент маҳалласи ҳудудидан ўтувчи диаметри 1020 мм бўлган Талимаржон-Бешкент магистрал ичимлик суви қувуридан “Океан” чўмилиш ҳавзасига яширинча қувур тортилиб, тоза ичимлик суви бассейнларни тўлдириш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун ишлатиб келинган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ноқонуний уланиш орқали “Қашқадарё сув таъминоти” АЖга етказилган моддий зарар миқдори 951 миллион 650 минг 601 сўмни ташкил этмоқда. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, ичимлик суви ресурсларидан фақат белгиланган тартибда ва шартнома асосида фойдаланиш мумкин. Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлардан сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, уни изнсиз ишлатмаслик талаб этилади.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА