Чодакда туризм мажмуаси барпо этилмоқда
Наманган вилоятида ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Тарихи, маданияти, табиати, иқлими ва бошқа ижтимоий-иқтисодий имкониятлари жиҳатидан мамлакатимизни халқаро сайёҳликнинг жозибадор манзилларидан бирига айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Юртимизда туризм индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Наманган вилоятида ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Поп туманининг тоғлар орасида жойлашган Чодак қишлоғи мусаффо ҳавоси, бетакрор табиати билан довруғ таратган гўшалардан. Бу ерда ҳар йили ёз фаслида минглаб кишилар сўлим табиат билан ҳамнафас ҳордиқ чиқаради. Фақат шу пайтгача дам олувчилар учун маҳаллий аҳоли, кичик хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган шарт-шароитлар билан кифояланиб келишга мажбур эди.
Кейинги йилларда Президентимиз томонидан туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор вилоятнинг кўплаб сайёҳлик манзиллари қатори Чодакда ҳам замонавий туризм инфратузилмасини барпо этиш имкониятлари очди, бу борада салоҳиятли тадбиркорлар томонидан йирик лойиҳаларга киришилди.
“Apart Hotel Kosmos" масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани бунёд этиш лойиҳаси шу жумладандир. Айни пайтда лойиҳа қиймати 800 минг долларга тенг лойиҳа асосида икки гектар майдонда 120 ўринли дам олиш маскани қурилиши жадал давом эттирилмоқда. Эътиборлиси, лойиҳага 400 минг доллар чет эл инвестицияси жалб этилган, қолгани ташаббускорнинг сармояси ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳа амалга оширилиши билан 50 та иш ўрни яратилади.
Россиялик ҳамкор – “Строй лидер” компанияси раҳбари Д. Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, туризм индустриясини ривожлантириш муайян ҳудудда аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган даромадли бизнесдир. Компания мижозларга нафақат турар жой ва овқатланиш имкониятларини, балки транспорт, алоқа, диққатга сазовор табиат гўшалари ва ажойиботлар, тиббий, спорт хизматлари, гўзаллик салонлари ва бошқаларни ҳам таклиф этади.
Ушбу мажмуа таркибидаги осма йўл, ҳаво шари, кичик ўрмон, бинолар томидаги кузатув-томоша майдончалари, сунъий ғорлар, сузиш ҳавзалари, фитобар, тренажёр зали, ресторан, кафе, автотураргоҳ, экскурсия хизматлари соҳасида кўплаб иш ўринлари яратилиши маҳаллий аҳолининг турмуш фаровонлиги ва маданиятини янада оширишга хизмат қилади.
Мажмуа бунёдкорлигида бугунги кунга қадар 200 минг доллар миқдорида бевосита ташқи инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, маъмурий бино ва бассейн битказилмоқда, ҳудудни чегараловчи девор, ташриф буюрувчилар учун махсус майдончалар ва асосий иншоотлар қурилиши давом эттирилмоқда.
Дам олиш масканини жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Кейинги босқичларда атрофда уй-жойлар, болалар боғчаси ва бошқа кўплаб хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади.

