Янги туризм йўналишлари
Наманган вилоятининг тоғолди ва тоғли ҳудуди – Поп туманининг тоғ бағрида жойлашган Чодак қишлоғи ўзининг гўзал табиати ва мусаффо ҳавоси билан кўпчиликни ўзига ром этадиган мафтункор гўшалардан биридир.
“Ўзбекистон Швейцарияси” деб ном олган бу тоғолди қишлоғини билганлар, унда роҳатланиш учун ошиқаётганлар сафи йил сайин кенгаяётгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Бу ердаги мўътадил иқлим, хусусан, пасттекисликлардан 12-15 даража фарқ қилувчи салқин ҳаво ёзнинг жазирама кунларида ҳаловат қидириб қолган инсонлар учун оромижон муҳитни ҳозирлаши билан катта аҳамият касб этади.
Денгиз сатҳидан 2000-2100 метр баландликда жойлашган Чодак айниқса, ёз мавсумида дам олувчилар учун табиий шароити ва сўлимлиги билан сайёҳларни бағрига чорлайди. Замонавий меҳмонхоналар, кемпинг уйлар ва қатор тарихий зиёратгоҳлар сайёҳларнинг қизиқишини янада оширади.
Президентимизнинг 2021 йил февраль ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида белгилаган топшириқлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги Чодак қишлоғини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига қаратилган қарорига асосан мазкур гўшада умумий қиймати 279,1 миллиард сўмлик 257 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасидаги жами 98 та лойиҳага 109 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, йўл инфратузилмаси, электр энергияси, газ, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, ирригация объектлари ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларига сарфланмоқда. Ҳудуддаги 11 та трансформатор мукаммал таъмирланиб, 32,5 километр масофа бўйлаб тармоқ тортилди.
“Чодак – кичик туризм зонаси”да замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, кўп қаватли тураржой уйлари, саноат зонаси, спорт мажмуаси, мактабгача таълим ташкилоти ва ўқув муассасалари учун бинолар қуриш ишлари 2030 йилгача бўлган мақсадли дастур асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Туристик салоҳияти юқори бўлган Чодакка туризм қишлоғи мақомини бериш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар натижасида ҳозирги кунда 300 оилавий меҳмон уйи, тўртта дам олиш маскани, учта болалар оромгоҳи, иккита хостел, битта кемпинг, 30 та гастирономик туризм объекти, узунлиги 300 метр бўлган тўртта осма кўприк ва узунлиги 50 метр бўлган шишали осма кўприк, сунъий шаршара, ўртача узунлиги 400 метр бўлган осма дор йўлидан иборат экстримал ҳамда юздан ортиқ экотуризм объектлари фаолият олиб бормоқда. Натижада 1500 дан ортиқ маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган.
“Чир – чир момо” – маҳаллий тилда “Оналар кўз ёши”, Исмоил Атоий, Бобойи Самосий, Бўсмат ота, Шоҳ Сулаймон Оқ мозор бува, Шодмон бобо, Лангарбува, Бобо Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳлари, Пошшо Хўжа мозори ва Муғхона, Шайх Сулаймон Маҳжур мақбараси ҳамда “Келинчак тош”, деб аталувчи тарихий обидалар зиёратчиларга Чодак тарихи билан яқиндан танишиш имконини беради.
Чодакда юзлаб дам олиш масканлари мавжуд, темирйўл ўтганлиги, айнан Чодакнинг ўзида бекат мавжудлиги ҳам айни муддао. Бу юртимизнинг турли ҳудудларидан келувчи туристларга яна бир қулайлик ҳисобланади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида вилоят туризм бошқармаси, Поп тумани ҳокимлиги ва тижорат банклари ҳамкорлигида Гулистон, Чодакбоши, Боғишамол, Шайхон ва Боён маҳаллаларида меҳмон уйлари ташкил қилинди. Ўрмон хўжалиги бошқармаси билан биргаликда ишлаб чиқилган дастур асосида умумий қиймати 120,8 миллиард сўм миқдордаги 15 та янги инвестия лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари амалга оширилди. Натижада 266 ишсиз кишининг бандлиги таъминланди. Эътиборлиси шундаки, инвестиция лойиҳасининг тўрттаси россиялик ҳамкорлар билан амалга оширилмоқда.
Чодак қишлоғида тўққизта маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, уларда 35 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилиб келишмоқда. 17 минг гектар ҳудудни эгаллаган мафтункор қишлоқ аҳолисининг асосий қисмини тожик миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади. Улар чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишади. Бугунга келиб бу ерда 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улар томонидан фойдаланишга топширилаётган бир-биридан кўркам, замонавий бинолар кўчаларга файз бағишлаб турган бўлса, маиший хизмат ва савдо шохобчалари ишсизлик муаммосини ҳам бир қадар камайтириш имконини бермоқда. Ишбилармонлар ва тадбиркорлар саъй-ҳаракати жадаллашиб, замонга ҳамоҳанг яшашга интилишлар кучаймоқда. Бу борада маҳаллий ташаббускорлар астойдил бел боғлашган.
Масалан, Наимхон Абдураҳимов шижоати баланд ишбилармонлардан биридир. Бир қатор объектлар, жумладан, “Кварс” масъулияти чекланган жамияти томонидан 30дан зиёд кемпинг уйлар, Камчиқ довонидаги “Набихон ота” чойхонаси, “Набихон-Наимхон” масъулияти чекланган жамияти томонидан иккита сунъий қопламали мини-футбол майдони ва сузиш ҳавзасининг қуриб битказилиши, салкам бир гектар ерда қурилган “Камалак” болалар боғи, “Жаҳонгир олимп спорт” соғломлаштириш комплекси айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан барпо қилинган.
Гулистон маҳалласида яшовчи Аббосхон Полвонов ишнинг кўзини билган, интилувчан, салоҳияли ёш тадбиркорлардан. Яхши ниятлар билан кичик бизнесга киришган ҳолда яшаб турган хонадонини “Оилавий меҳмон уйи”га айлантирди. “Nest one billur” масъулияти чекланган жамияти таркибида тикув цехи ташкил этиб, айни пайтда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи 40 аёл-қизни ишга жойлади. 20 турдан зиёд аёллар, эркаклар ва болалар кийимларини тикаётган чеварлар тиккан маҳсулотлар Самарқанддаги йирик тикув цехи орқали Россияга экспорт қилинмоқда.
– Айни пайтда Наманган муҳандислик-технология институтида таҳсил оляпман. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзосиман. Ҳамқишлоқларим менга ишонч билдириб, туман Кенгаши депутатлигига сайлашди, – дейди Аббосхон Полвонов. – Бу ишонч ортида катта масъулият борлигини ҳис қилган ҳолда қўлимдан келганча уларни қийнаётган масалаларда амалий ёрдам беряпман. Туризм вазирининг Чодакдаги вакили бўлиш ҳам анчагина масъулиятли. Президентимиз фармонига асосан “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланганим ҳаётимдаги унутилмас воқеа бўлди. Бу менга янада куч бериши асносида ўн карра масъулият ҳам юклайди. Ишончни оқлаш учун астойдил интилишда бўлишим керак.
Чодакнинг экологик хусусиятини ифодалаган ҳолда қурилган “Аpart kosmos hotel” меҳмонхонаси табиий усулда барпо этилган бўлиб, денгиз сатҳидан 2500 метр баландликда жойлашганлиги билан аҳамиятли. Бу жойдан 200 ўринли меҳмонхона, 205 ўринли ўтов типидаги дам олиш маскани, овқатланиш шохобчалари, сузиш хавзаси, болалар майдончалари, кичик амфитеатр ва соғломлаштириш марказлари ўрин олган. Лой ва сомон билан сувалган уйлар замонавий дизайн асосида дид билан пардозланган. Умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлган маскан ҳудудидаги бир қаватли меҳмонхонанинг ҳар бир уйига табиий тош ва лойдан фойдаланган ҳолда зарур маиший гигиена хоналари жойлаштирилган. Деворларига эса қишлоқ ҳаёти акс эттирилган моҳир рассомларнинг суратлари намуналари илинган. Айнан шу уйнинг том қисмида очиқ осмон остидаги замонавий 800 ўринли ресторан ҳам бор. Бу ердан қишлоқнинг хушманзара табиатини томоша қилиб, тоза ҳавосидан баҳраманд бўлиш мумкин. Бунинг учун сайёҳлар мотопараплан мосламасида сайр қилишади. Алпинистик маҳоратини синамоқчи бўлганлар эътиборга олиниб, улар учун зарурий мосламалар тайёрлаб, тахт қилиб қўйилган. Сайёҳлик марказига чиқиш учун фуникульер мосламасидан фойдаланилади. Қолаверса, махсус вагонда темир йўл ёрдамида баландликка кўтарилиш мумкин. Ноанъанавий тарзда барпо қилинган экомарказ, албатта, туристларда ёрқин таассуротлар уйғотади.
[gallery-16203]
Чодакнинг энг баланд чўққисида жойлашган “Мўъжиза шаршараси” сайлгоҳини Раҳимхўжа Ҳасанов уч ўғли билан барпо этибди. “Бахт йўли – омад чўққиси” га 173 та зинани босиб юқорилаб бораркансиз, тепаликдаги мусиқий майдон сизни қарши олади. Айниқса, июнь-июль ойлари гавжум бўладиган мазкур сайлгоҳда турли кўнгилочар тадбирлар, ёшлар учун мусиқий дискотекалар ташкил этилади. Бир тоғдан иккинчисига ўтиш учун канат, яъни жайдари айтганда “пақирча” сайёҳларга хизмат кўрсатади. Болажонлар эса качелаларда мириқиб учишади. 20га яқин қафасларда турли уй ва ёввойи ҳайвонларни кўриш мумкин.
“Аrt Soft Holding” компанияси кластер корхонаси томонидан умумий қиймати 9,3 миллиард сўм бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ишга туширилиб, 200 киши иш билан таъминланди. Айнан шу мақсадда “Chodak nihol tex” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 320 миллион сўмлик лойиҳа ҳам ишга туширилди.
Бобомурод Турсуналиев ташаббуси билан бир вақтнинг ўзида 40 сайёҳга хизмат кўрсатувчи замонавий “Экотуризм” маскани барпо этилди. Тадбиркор Ўрмон хўжалиги бошқармаси билан 20 гектар майдонга 10 йиллик ижара шартномаси тузди. Камолиддин Фаёзов бошчилигидаги “Оқтепа хаус” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 5 миллиард сўмга тенг олтита коттеж фойдаланишга топширилди. Яна бир ишбилармон йигит Искандар Мадғозиев ҳам Сирдарё соҳилида умумий қиймати 4 миллиард сўмлик меҳмонхона ва дам олиш маскани ташкил этди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги етти йилда Чодакда туризмни ривожлантириш борасида салмоқли ижобий ишлар қилинди. Айтиш керакки, 2017 йилда биргина “Рамз” меҳмонхонаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб меҳмонхоналар сони ўнга яқинлашди. Айни пайтда Чодакда 430 та дам олиш маскани ва меҳмон уйи қурилди.
Қишлоқ хўжалиги борасида эса “Агро Поп” масъулияти чекланган жамияти истиқболли лойиҳани амалга оширди, яъни 50 гектар ер майдонида боғдорчилик хўжалиги ташкил қилиниб, тик қудуғи ва томчилаб суғориш технологияси ўрнатилди.
Қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 7 миллиард сўмга тенг, 800 минг куб/метр сиғимга эга янги барпо этилаётган “Гулистон” сув сақлаш омбори қурилиши натижасида 40 мингга яқин аҳолига сув етказиб бериш имконияти яратилади. Шунингдек, сувни кимёвий тозалаш қурилмаси ўрнатилиб, механик тозалов фильтри реконструкция қилинди. Бундан ташқари, 87 километр масофага ички ва асосий тармоқ тортилиб, хонадонларга сув ҳисоблагичлар ўрнатилади.
Аҳолиси зич бўлган чодакликлар учун 2 та 6 қаватли 40 хонадондан иборат кўп қаватли уйлар барпо этилиб, ипотека кредити асосида уй-жойга эҳтиёжманд фуқароларга тақдим этилди. Бу халқимизнинг замонавий турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Қайд этиш жоиз, Чодак туризм қишлоғида маҳаллий ва хорижий туристлар учун “Чодак-Аршанбулоқ” йўналиши бўйлаб экскурсиялар ташкил этиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконияти мавжуд. Қолаверса, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдосини ташкил қилиш ҳисобидан аҳоли даромадларини оширишга аҳамият қаратиш зарур.
Чодак марказида гид-экскурсия етакчиси ва туроператор хизматлари марказини ташкил этиш айни муддао. Бу ахборот марказида Чодакдаги туризм объектлари, оилавий меҳмон уйлари, туристик маршрутлар, транспорт хизмати, турли хизматлар ва яқин ҳудудлардаги масканлар тўғрисида маълумотлар бўлишини инобатга олиш мақсадга мувофиқ.
Дарҳақиқат, бугун ўзининг соф ҳавоси, шифобахш суви, гўзал ва мафтункор табиати билан сайёҳлар эътиборини жалб этаётган Чодак кўркамлашаётган қиёфаси-ю одамлар кайфиятидаги кўтаринкилик, ғайрат-шижоат, эзгу мақсадлар билан чин маънода ривожланаётган масканлардан бирига айланди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири