Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир 60 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Ушбу жараёнда чирчиқликлар ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, Чирчиқ шаҳар ҳокимлигида кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси муҳокамаси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова, “Чирчиқ” сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат М.Ходжаева, Чирчиқ шаҳар ҳокими – халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси Д.Ҳидоятов, шаҳар фаоллари, сиёсий партия вакиллари қатнашди. Қайд этилганидек, конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган. Шунингдек, ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ. Қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтириш, Президентлик институтини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратиш, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожлантиришнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ўз ичига олган.

Конституциявий комиссия аъзоси М.Қодирхонова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 24 июнида мазкур Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш тўғрисида қарори қабул қилинганини таъкидлади. Бунинг учун “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинмоқда.
Суҳбат давомида чирчиқликлар бир қатор таклифларни билдирди. Бундан ташқари меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича кенг муҳокамаларни олиб бориш, янги таклифларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
А.Мусаев,ЎзА.