Чирчиқ шаҳри янада обод бўлади
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида аҳолига қулай шароит яратиш, одамлар талабидан келиб чиқиб, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг жорий йил 18-19 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида берган кўрсатмаларига асосан, республика бюджетидан жами 4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Чирчиқ шаҳридаги 21 та кўп қаватли уйга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, 15 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми, 13 та болалар майдончасини қуриш, 35 та кириш йўлакларини таъмирлаш, 88 та ташқи ёритиш тизимларини ўрнатиш, 5 минг 485 квадрат метр йўлакларни бетонлаш, катта ҳажмда ирригация тармоқларини созлаш ва тиклаш, 4 та замонавий “street workout” спорт майдончаларини қуриш ҳамда 13 та ертўлани таъмирлаш якунига етказилган.

Бундан ташқари, коммунал соҳани яхшилаш, ободонлаштириш, кўп қаватли уйларнинг томларини бутлаш, умуман, бунёдкорлик ишларини ташкил қилиш учун қўшимча 30 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари эвазига 810 та уйнинг фасад қисми, 144 та уй эса тўлиқ таъмирланди.
Марказий иссиқлик тармоқларига Чирчиқ шаҳрида жами 25 минг 826 хонодонли 538 та кўп қаватли уй истеъмолчилари уланган.
Уларни 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида марказлашган иссиқлик таъминоти билан таьминлаш мақсадида 14 та қозонхона куз-қиш мавсумига шайланди.

Мазкур саъй-ҳаракатларни тизимли ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини шахсан вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов ўз назоратига олган бўлиб, ишчи гуруҳ иштирокида кунора ўрганиш ташкил этилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли масъулларга йўл-йўриқлар кўрсатилмоқда.
Хусусан, бу галги ўрганишлар давомида ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, кўчаларни кенгайтириш, янги бино, иншоотлар қурилишининг сифатига эътибор қаратиш, замон талабидан келиб чиқиб, аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, шаҳарнинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар, хиёбонлар ташкил этиш юзасидан қўшимча таклифлар билдирилди.
Бу борада шаҳар ҳокими ва соҳа масъулларига қатор топшириқлар берилди.
А. Мусаев, ЎзА