Чиқиндиларни қайта ишлаш долзарб вазифа
Тошкент вилояти ҳудудида маиший хўжалик ва ишлаб чиқариш оқова сувларини биологик йўл билан тозалашга мўлжалланган “Тошвилсувоқова” АЖ га қарашли 7 та тозалаш иншоотлари мавжуд.
Уларнинг қуввати бир кунда 238,9 минг куб метр оқова сувни тозалашга мўлжалланган.
Бироқ мазкур иншоотлар манан эскирган бўлиб, сувни тозалаш самарадорлиги жуда паст, айримларида оқова сув тозаланмаган ҳолда тўғридан-тўғри очиқ ҳавзаларига чиқарилган. Шу сабабли жойларда ишлаш самарадорлигини мунтазам равишда назорат қилиш учун вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига қарашли бўлган Атроф-муҳитни мониторинг қилиш бўлими томонидан ҳар чоракда лаборатория таҳлиллари олиб борилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 28-моддаси ва “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 113-моддаси бўйича жорий йилнинг биринчи яримида ҳудуддаги 411 та ифлослантирувчи манбалар текширилиб, 43 та ҳолатда ифлослантирувчи манбалар меъёрдан юқорилиги аниқланган.
Бундан ташқари, 380 та корхона ва ташкилотга огоҳлантириш кўрсатмалари берилган. Шундан ҳозирги кунда 48 та корхоналар томонидан 2020-2021 йилларда локал оқова тозалаш иншоотлари қуриш ва реконструкция қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналар томонидан механик усулда оқова сув тозалаш иншоотини қуриш, оқова сувларни зарарсизлантириш ва очиқ жой рельефига чиқариш мақсадида қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳозир вилоятда 19 та маиший чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, ўтган даврда бир неча миллион тоннадан ортиқ чиқинди тўпланган. Жорий йилнинг иккинчи чорагида жойлардаги 32 та чиқиндини қайта ишлаш корхоналари томонидан 39 минг 926,30 тонна маиший чиқинди ҳамда 95 минг 300 тонна саноат чиқиндилари қайта ишланган. Айниқса, ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлардан ҳосил бўлган яроқсиз 3 303 дона симобли лампаларни демеркуризация қилинган, 374,28 тонна яроқсиз техник мойлар қайта ишланган.
Бундан ташқари, юридик шахслар билан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли шартномалар тузилиб санитар тозалаш хизматлари кўрсатилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА