Бугунги кунда чиқиндилар муаммоси инсоният олдида турган энг муҳим экологик масалалардан бирига айланди. Аҳоли сонининг ортиши, саноат ва истеъмол ҳажмининг кенгайиши натижасида маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндилари йил сайин кўпайиб бормоқда.
Бу эса атроф-муҳит ифлосланиши, табиий ресурсларнинг камайиши ҳамда инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Чиқиндиларни тўғри бошқариш, қайта ишлаш ва улар ҳажмини камайтириш масаласи экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., Ltd.”, “Shanghai Sus Environment Co., Ltd.” ва “Everbright Environmental Protection Ltd.” каби компаниялари иштирокида қаттиқ маиший чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга бағишланган қатор учрашувлар ўтказилди.

Мулоқот давомида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг жорий босқичлари кўриб чиқилди. Шунингдек, экологик ва технологик талабларни инобатга олган ҳолда навбатдаги қадамлар муҳокама қилинди. Экологик стандартларга риоя қилиш ва лойиҳаларни чиқиндиларни бошқариш тизимига самарали интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этиш лозимки, ҳозирда Хитой компаниялари билан ҳамкорлик доирасида мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, “Everbright Environmental Protection Ltd.” лойиҳасига кўра, Наманган ва Фарғона вилоятларида кунига 3 минг тоннагача чиқиндини ёқиш орқали йилига 454,6 миллион кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 283 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бундан ташқари, “Shanghai Sus Environment Co., Ltd.” лойиҳасига асосан Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида кунига 3 минг тоннагача чиқиндини қайта ишлаш ва йилига 480 миллион кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати – 300 миллион АҚШ долларидан иборат.

“China CAMC Engineering Co., Ltd.” лойиҳасига кўра, Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида кунига 4 минг тоннагача чиқиндини қайта ишлаб, йилига 630 миллион кВт•соат электр энергияси олиш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа қиймати 350 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Чиқиндиларни кўмиш ҳажмини камайтириш, циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш ва Ўзбекистон энергетика балансида муқобил энергия манбалари улушини оширишга қаратилган лойиҳаларни изчил амалга оширишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА