Чиқинди қутисидаги “хазина” ва дунё ҳар куни воз кечаётган беҳисоб бойлик
Президент ташрифидан сўнг...
Момоларимиз кийим тикади. Ортиб қолган мато парчаларини эса йиғиб қўяди. Кейин улардан турфа рангли қуроқ-кўрпачалар тикади. Уларнинг бу ишини санъат деб атаймиз. Яна буни рўзғордаги барака деймиз. Уволнинг олдини олиш фалсафаси яширинади бунда.
Бугун дунё тилида “чиқиндисиз технология” деб аталаётган мураккаб иқтисодий атама халқимизнинг қонида мана шу каби қадриятларда намоён бўлади. Тежамкорлик ва табиатга бўлган ҳурматнинг замонавий кўриниши ана шундай бўлади аслида.
Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Мароқанд сифат” кластерига кирган одам, ўша қадим қадриятнинг индустриал миқёсда қандай ишлаётганига гувоҳ бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 март куни ушбу корхона фаолияти билан шахсан танишиш учун борганида жуда катта рамзий маъно бор. Давлат раҳбари фақат пахтани қайта ишлаш ёки янги тикув машиналарини кўргани бормади.
Давлат раҳбарига ресурсни сотиб эмас, уни қайта-қайта ишлаб бойлик яратадиган тизим намойиш этилди. Сир эмас бугунги дунёда фақат хомашё сотиш билан шуғулланиш қашшоқликка йўл очади. Хомашёни чуқур қайта ишлаб, ундан чиққан чиқиндини ҳам фойдага айлантириш эса ҳақиқий ишбилармонлик саналади. Президентнинг бу корхонага ташрифи мамлакатдаги бошқа тадбиркорларга берилган яна бир ишора бўлди. Бунда энди чиқинди деган тушунчадан воз кечиб, уни ресурс деб аташ вақти келганини англатувчи чақириқ бор эди.
Бугун “Мароқанд сифат” кластеридаги жараён ҳақиқий занжирни эслатади. Бир томонда чигит экилади. Бошқа ёқдан эса тайёр кийим сотувга чиқиб кетмоқда. Энг муҳими, тикув ва гилам цехларидан қолган мато қириндилари энди чиқинди полиганларида чириб ётмайди. Юқори тезликда ишловчи ускуналар ўша “ахлат” деб қаралган қолдиқларни яна ип-калавага айлантиради. Йилига 5 минг тонна тола ишлаб чиқариш қуввати дегани, бу қанча-қанча гектар ерда пахта экишга кетадиган сув, ўғит ва меҳнатни тежашни англатади. Бу, аввало, табиатга берилган мадад. Ерга кўрсатилган эҳтиромдир.
Инсоният бугун оёғи остидаги заминни чиқиндихонага айлантириб бўлгани ҳақиқат. Биз ишлатаётган синтетик матолар, пластик буюмлар ва кимёвий чиқиндиларнинг шундай турлари борки, улар табиат қўйнида минг йил давомида ҳам йўқ бўлиб кетмайди. Бу нима дегани?
Бу биз бугун ташлаб юборган бир дона полиэтилен халта ёки сунъий толали кийим қолдиғи етти авлодимиздан кейин ҳам ерни заҳарлаб ётади дегани. Тупроқ нафас олмайди. Сув эса ифлосланади. Оқибатда эса тирик жонлар орасида турли касалликлар кўпаяди.
Нарпайдаги каби чиқиндисиз технологиялар айнан мана шу экологик ҳалокатнинг олдини олувчи хайрли тадбиркорлик саналади.
Жаҳон тажрибасига назар ташласак, Германия, Япония ва Швеция каби давлатлар чиқиндини “иккинчи олтин” сифатида қабул қилиб бўлишган. Масалан, Швецияда чиқиндининг бор-йўғи бир фоизи полигонларга ташланади. Қолгани қайта ишланиб, энергия ёки янги маҳсулотга айлантирилади. Ҳатто улар қўшни давлатлардан чиқинди сотиб олиб, ўз заводларини хомашё билан таъминлайди.

Японияда эса ишлатилган маиший техника ва кийимлардан янги маҳсулотлар яратиш тизими жуда мукаммал ишлайди. У ерда “ахлатхона” деган тушунча деярли йўқолгани айтилади. Биздаги “Мароқанд сифат” кластери ҳам мана шундай юксак маданият сари ташланган улкан қадамдир.
Чиқиндини қайта ишлаш тадбиркорга нима беради? Аввало, бу даромад дегани. Текин хомашёдан тайёр маҳсулот олиш эса бизнеснинг энг юқори чўққисидир.
Мазкур корхона ҳудудига ўрнатилган қуёш панеллари ва “яшил” технологиялар таннархни тушириш, маҳсулотни рақобатбардош қилишга хизмат қилмоқда. 10 миллион долларлик экспорт салоҳияти айнан шу тежамкорлик ва ақлли бошқарув натижасида пайдо бўлмоқда.
Энг муҳими, бу янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлади. Нарпайдаги кластер минг нафар одамни доимий, яна минглаб кишиларни мавсумий иш билан таъминлаяпти. Бу оилаларнинг даромади, болаларнинг келажагига таъсир қилувчи жиҳат саналади.
Бугун дунёда нафақат пластик, балки “тезкор мода” натижасида ҳосил бўлаётган тўқимачилик чиқиндиларига эътибор ортган. Чунки кийим-кечак саноати дунёдаги энг кўп ифлослантирувчи соҳалардан бири саналади.
Ўзбекистон кўп миқдорда пахта етиштира олувчи мамлакат сифатида бу муаммони ичидан ҳал қилиши шарт эди. Нарпай мисолида биз бунинг ечимини кўрмоқдамиз.
Давлат раҳбарининг ходимлар билан самимий суҳбатида бир гап алоҳида таъкидланди. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа юртимиздаги улкан ўзгаришларнинг бир қисми экани қайд этилди. Бу ўзгариш фақат иқтисодий эмас, балки маънавий бўлаётгани қувонарли. Биз яна “увол бўлмасин” деган тушунчага, табиат билан уйғун яшаш фалсафасига қайтяпмиз. Фақат бу гал замонавий билим ва кучли технологиялар билан.
Ақл билан бошқарилган чиқинди келажакнинг энг бебаҳо бойлигидир. Увол қилинмаган ҳар бир парча мато эса юртимиз баракасининг бир бўлаги бўлиб хизмат қилаверади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА шарҳловчиси