Чинордек адибларимиздан бири
23 декабрь – Асқад Мухтор таваллуд топган кун.
Сана муносабати билан бир гуруҳ зиёлилар, шоир-ёзувчилар, адабиётшунослар ва адибнинг оила аъзолари XX аср ўзбек адабиётида ўз муносиб ўрнига эга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухторнинг «Чиғатой» қабристонида абадий қўним топган манзилини зиёрат қилишди.
Марҳумнинг руҳига Қуръон тиловат қилинди, у билан боғлиқ ёрқин хотиралар эсга олинди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор яшаб ижод қилган хонадонда ёдгорлик лавҳи ўрнатилди. Хонадон олдида марҳумнинг қўшнилари, шогирд ва яқинлари иштирокида қизғин суҳбат бўлди. Адиб ижоди ва фаолияти ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
Ёзувчилар уюшмасида ёзувчи таваллудининг 100 йиллигига бағишланган «Эл-юрт керак экан одамга», деб номланган хотира кечаси ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар Асқад Мухторнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, у қолдирган бой маънавий мерос ҳақида гапирди. Асарларидан намуналар келтирилди. Адиб билан боғлиқ илиқ хотиралар ёдга олинди.
Адибнинг ўғли профессор Темур Мухторов отасини хотирлади.
[gallery-554]
–Асқад Мухтор ўзбек адабиёти учун катта ҳизмат қилган инсон, – дейди «Гулистон» журнали бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов. –У моҳир таржимон, файласуф шоир, қалами ўткир ёзувчи эди. Унинг таҳрир санъати ҳақида алоҳида гапирмоқ керак. Асқад Мухтор сўзни сўздан фарқлайдиган, ниҳоятда сўздан эҳтиёткор фойдаланадиган яхши муҳаррир эди. Инсон сифатида ўта камтар эди. Баланд овозда гапирмасди. Кам, маънили гапирарди.
Асқад Мухтор бадиий ижодни шеъриятдан бошлаган. Унинг биринчи шеъри 1935 йили матбуотда кўринди, 40-50 йилларда «Пўлат қуювчи», «Ҳамқишлоқларим», «Раҳмат, меҳрибонларим», «Чин юракдан» шеърий китоблари чиқди. Гарчи бу китобларга кирган асарлари ўз вақтида танқидчиликда ижобий баҳо олган бўлса-да, шоирнинг миллий адабиётимиздаги ўрнини, ижодий қиёфасини белгилаган шеърлари 60- йиллардан бошлаб майдонга кела бошлади.
–Асқад Мухторнинг энг сара асарларини тўплаб, нашриётимиздан муҳташам китобини чиқардик, –дейди «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси муҳаррири, шоир, таржимон Вафо Файзуллоҳ. – Асқад Мухторнинг ҳар бир асари халқона, ўзбекона ёзилган. Биргина «Чинор» романини ўзбек халқига менгзаш мумкин. Миллат илдизининг чуқурлигини чинорнинг умри боқийлигига менгзайман. Асқад Мухтор асрнинг Чўлпон, Фитратлар бошлаб берган уйғоқ шеъриятини Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларга узатиб, ўртада занжир вазифасини бажарди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, адабиётшунос олимлар Муҳаммадали Қўшмоқов, Нўъмон Раҳимжонов, ёзувчилар Ёқубжон Хўжамбердиев, Ашурали Жўраев каби қатор ижод вакиллари иштирок этган тадбирда “99 миниатюра», «Шеърлар», «Қуёш беланчаги», «Сизга айтар сўзим»каби шеърий тўпламлари фақат шоирнинг эмас, балки 60-70 йиллар шеъриятининг муҳим ютуғи эканлиги ҳақида сўз борди.
Шунингдек, Асқад Мухтор бу шеърий китоблари орқали ўзбек адабиётида янгича интеллектуал фалсафий лириканинг шаклланишига катта ҳисса қўшганлиги, янги ижодий авлод тақдирига кучли таъсир кўрсатганлиги айтиб ўтилди.
Асқад Мухтор шеъриятнинг қадимий, аммо ҳамма даврлар учун зарурий муаммолар – инсон ҳаётининг маъноси, туғилиш, яшаш, ўлим жумбоқлари, табиат сирлари,макон ва замон нисбати, инсон табиати, меҳр ва қаҳр туйғусининг қудрати – шулар теварагида баҳс юритади.
Асқад Мухтор ўзбек насрига 1950 йилда «Дарёлар туташган жойда» қиссаси билан кириб келди. Шундан кейин у «Опа-сингиллар» романини яратди. Сўнгра «Туғилиш», «Давр менинг тақдиримда», «Чинор», «Аму» романларини яратди. Бу асарларнинг аксари ўзбек романчиликнинг бадиий уфқлари кенгайиб бораётганини намойиш этди. У адабиётимизга «Қорақалпоқ қиссаси»,«Бўронларда бордек ҳаловат», «Бухоронинг жин кўчалари» сингари қиссаларини ҳам мерос қилиб қолдирди. Бу асарларда ўзбек халқи босиб ўтган машаққатли йўлни акс эттирди.
Дилобар Маматова,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА