Чилонзор мавсумга қанчалик тайёр?
Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 30 июлда “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Қишга тайёргарлик – долзарб вазифа
Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 30 июлда “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Унга мувофиқ, турар жойлар, ижтимоий муассасасалар ва корхоналарни иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхона ва тармоқларни таъмирлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Чилонзор тумани 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумига қай даражада тайёргарлик кўрди? Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш даврида барқарор ишлашини таъминлашнинг ҳозирги ҳолати қандай?
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида айни масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда мутасаддилар туманнинг иссиқлик таъминоти ва ичимлик суви тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Тадбирда бу борада сусткашликка йўл қўяётган сектор раҳбарлари ва мутасаддиларнинг фаолияти танқид қилинди.
Иссиқлик ва ичимлик суви таъминоти тизимларини ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларини жадаллаштириб, қисқа муддатда якунлаш кераклиги таъкидланди.
Бундан ташқари, кўп қаватли уй-жой фондини мавсумга тайёрлаш, таъмирлаш ишларини сифатли бажариш, ширкатлар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича камчиликлар борлиги айтилди.
Туман вакилларининг маълум қилишича, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсуми давомида узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида иссиқлик тармоқларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, изоляция қилиш режалаштирилган.
Ҳудуддаги айрим мактаб, мактабгача таълим муассасаларида иссиқлик тармоғи изоляция қопламаси билан қопланди. Кўп хонадонли уйларнинг ички иситиш тизими текширувдан ўтказилди.
Шунингдек, кўп хонадонли уйларнинг ертўла қисмида жойлашган иссиқлик бўғинларини таъмирлаш ҳамда ички иссиқлик тизимини босим остида ювиш ишлари амалга оширилди.
– Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг қуз-қиш мавсумига тайёрлик ҳолатини ўрганиш икки босқичда амалга оширилди, – деди Чилонзор тумани ҳокими ўринбосари Камолиддин Ҳамроев. – Жорий йилнинг май ойида тўрт кун давомида тумандаги ижтимоий соҳа объетларининг қуз-қиш мавсумига тайёрлиги уйма-уй юриб ўрганилди. Муаммолар ҳал этилиш даражасига кўра, туман, Тошкент шаҳри ва республика босқичидаги масалаларга бўлиб олинди. Шу асосда “Йўл харитаси” тузилиб, унда камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида ўн кун давомида ишчи гуруҳ аъзолари сони кўпайтирилиб, масала қайта ўрганилди. Бунда тумандаги 69 минг хонадоннинг 59 мингтаси қамраб олинди. Ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро билан учрашди, камчиликларни қоғозга туширди. Тумандаги 1150 та кўп қаватли уйдан 315 тасида турли камчиликлар аниқланди. Шунга мувофиқ, ҳозирда 29 та кўп қаватли уйда жорий, айримларида эса мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида баъзи мактабгача таълим муассасаларининг том қисмида, айрим мактабларнинг иссиқлик тизимида, хусусан, ертўласида муаммолар борлиги ҳам маълум бўлди. Жорий йилнинг 20 октябрига қадар шу каби барча муаммоларни бартараф этишни режалаштиряпмиз.