Чиллаки – чиллакини кўриб палак отади
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида соғлиқни сақлаш бошқармаси шўъба бошлиғи ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти – алдов ёки бирор шахснинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш эканлиги қайд этилади. Ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини юқорида кўрсатилган икки усулни қўллаб, текин қўлга киритган, 16 ёшга тўлган ақли расо ҳар қандай шахс фирибгарлик жиноятини содир этган шахс сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан жиноий таъқибга учраши мумкин.
Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Модагул Нодонқулова (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) эски таниши фуқаро Хайригул Бердиеванинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида ушбу марказга ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 900 АҚШ доллари талаб қилади.
Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамшираси Модагул Нодонқулова Хайригул Бердиевадан 900 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Чиллаки – чиллакини кўриб палак отибди деганларидек, худди шундай ҳолат билан Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси шўъба бошлиғи Жалдамқул Алдамқулов фуқаро Мақтанбой Сотқинбоевни шаҳардаги тиббиёт бирлашмаларидан бирига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ашёвий далиллар билан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА