Чили пойтахтини дўл ва сув босди
Чили пойтахти Сантьягода кучли ёмғир, дўл ва момақалдироқ транспорт ҳаракатини издан чиқарди. 36 000 дан кўп истеъмолчи токдан узилди, ҳукумат пойтахт минтақасида энг юқори даража – қизил тусли огоҳлантириш эълон қилди.
Провиденсия, Лас-Кондес ва Эстасьон-Централь туманларидаги кўча, турар-жой ва маъмурий биноларга зарар етган. “Alto Las Condes” савдо марказининг ер ости автотураргоҳи ҳам сув остида қолди. Сантьяго метросида айрим бекатлар ёпилди, бир йўналишда ҳаракат қисмларга ажратилди.
Пеньялолен туманида ўт ўчирувчилар сув босган йўлакда қолган одамларни қутқарди. Маҳаллий идоралар момақалдироқли ёғингарчилик давом этиши эҳтимолидан огоҳлантириб, ҳайдовчиларни пастқам, сув тўпланадиган йўлларни четлаб ўтишга чақирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА