Чигирткалар ҳамон одамларни безовта қилмоқда
Журналист суриштируви
Жорий йилнинг серёғин келиши жамики ўсимлик дунёсининг баравж ривожланишига, балки уларнинг зараркунандалари учун ҳам шароит яратди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги экинлари учун зарарли ҳашорат ҳисобланган чигирткалар хавфи баҳорнинг дастлабки кунлариданоқ барчаниннг диққат эътиборини ўзига қаратганди. Орадан бироз вақт ўтиб, аниқроғи кунлар исий бошлаши ва олиб борилган кимёвий ишлов натижасида мазкур мавзу бир муддат тилга олинмаганди. Аммо куни кеча ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Қўштегирмон қишлоғига ёпирилган чигирткалар галаси ҳақидаги видеотасвирлар ушбу мавзуга яна қайтишимизга сабаб бўлди.
Чигирткалар галасини излаб фотомухбир билан ўша манзил сари отландик. Қўштегирмон қишлоғи туманнинг тоғолди минтақасида жойлашган ва аҳолининг асосий даромади чорвачилик ва боғдорчиликдан. Эрта тонгда қишлоққа етиб бордик. Хонадонларни кўздан кечирдик. Чигирткалар билан боғлиқ вазият рости қишлоқ одамларини хавотирга сола бошлаганига гувоҳ бўлдик. Йўлимизда учраган илк хонадонга кирарканмиз, табиатга мос равишда тусини ўзгартирган зараркунандалар галасига дуч келдик. Уй эгаларининг сўзларига кўра, бундай ҳолат қишлоқда биринчи бор кузатилиши.
– Куни кеча кундузги соат 12-1 лар атрофида ҳамма жойни чигирткалар галаси қоплади, – дейди Маҳфуза ая Ахмедова. – Қуюндай бўлиб ёпирилиб келди. Ҳовлимиз ҳам тўлди. Қўшниларимизнинг палакларигача еб кетди. Эртаси куни камайди. Нима қилишни, кимга мурожаат қилишни ҳам билмай қолдик. Илгари ҳеч қачон бунақа ҳолат бўлмаган қишлоғимизда.
Уч- тўрт кун аввал қуюндек ёпирилган чигиртка галаси аҳоли хонадонларига ораларкан, одамлар аввалига жиддий хавотирга тушади.
– Уйимиз қишлоқнинг тепасида, қир адирларга ёндош жойда жойлашган, – дейди Бегим Мейлиев. – Чигирткалар галаси дастлаб бизнинг ҳовлини ва унга ёндош ҳудудларни босди. Суриштириб карантин инспекциясининг рақамларини топдик ва хабар қилдик, келиб дорилашди.
Йўл- йўриқни билганлар мутахассисларга боғланиб, ҳолат хусусида маълум қилишаркан, аксарият одамлар зараркунандаларнинг учиб кетишидан умидвор бўлади. Афсуски, шу вазиятда маҳалла масъулларининг тегишли тушунтиришлар олиб бормагани улар хавотирига хавотир қўшади. Ҳаттоки, биз борган куни ҳам маҳалла раиси бошчилик бирорта масъулни топа олмадик. Маҳалла раисларининг туман раҳбари ҳам “У ҳудудда чигиртка йўқ, ҳаммаси дорилаб ўлдирилган” деган гапдан нарига ўтмади.
[gallery-18026]
– Бир ҳафта олдин чигирткалар тўдаси бирдан ёпирилди, нима қилишни ҳам, кимга мурожаат қилишни ҳам билмадик, кейин картошка қуртига мўлжалланган дорини сепдик, – дейди Гулшод Бобоқулова. – Жуда кўп эди. Оёқ босишга жой йўқ эди. Лекин ярим соатда ўтиб кетди. Қаёққа кетди, билмаймиз. Шу ярим соатни ичида токларимизни еб кетди. Ҳалиям дорилаб, кўпини ўлдирдик. Ҳозир келгани бошқа, юқоридан келяпти.
Ҳудудда бўларкан, заруркунандалар галаси гарчи хонадонларга оралаган бўлса-да, унчалик жиддий зарар бермайди. Буни эса мутахассислар чигирткалар ўз умрини яшаб бўлгани, айни дамда табиий нобуд бўлиш арафасида тургани боис, соя-салқинда жон сақлашга уриниши билан изоҳлади.
– Ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳа бўйича маълумот берадиган бўлсак, пастки қишлоққа ҳақиқатдан ҳам чигиртканинг кичик тўдаси учиб борган, – дейди Қашқадарё вилоят чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати бош агрономи Маҳмуд Хушмуродов. – Битта хонадон эгаси бизга мурожаат қилди. Кимёвий ишлов ўтказилиб хавф бартараф этилди. Аслида марокаш чигирткаси умри давомида 65 кундан 80 кунгача яшайди. Вилоятимизда унга қарши жорий йилнинг 20 март санасидан бошлаб кимёвий ишловлар ўтказилиши бошланган. Ҳозирги кунга келиб марокаш чигирткасининг умри тугаб боряпти. Табиий нобуд бўлиш жараёнлари бошланмоқда. Шундай бўлса ҳам биз келгуси йилда янада кўпайиб кетмаслиги учун тоғли ҳудудларга келиб кузатув ишларини ўтказиб, кичик тўдаларни топиб дарҳол кимёвий ишловларни ўтказяпмиз. Хавотирга ўрин йўқ, ҳозирги босқичда улар экинларга катта талофат етказмайди. Ҳар томонга учиб ўзидан уруғ қолдириб, нобуд бўлаверади. Аҳоли томорқаларига оралашига ҳам сабаб шу. Чигиртка тўдалари соя жой излаб бориб қолган. Ҳудудлар тўлиқ назоратга олинган.
Мутахассислар айни дамда ҳудудда кимёвиш ишлов бериш чораларини кўрмоқда. Асосий эътибор зараркунандаларнинг уруғ қўйиши мумкин бўлган нуқталарига қаратилган бўлиб, авваламбор уларнинг келиш йўналишини аниқлаш энг муҳим масала, дейди мутахассислар.
– Вилоятимиз ҳудудларида 115 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кураш ишлари башорат қилинган. Ҳозирги кунга келиб вилоятимиз бўйича 105 минг 756 гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишлов жараёни ўтказилган, – дейди М.Хушмуродов. – Хусусан, Ғузор, Деҳқонобод, Нишон, Чироқчи, Китоб, Яккабоғ, Қамаши туманларида. Бугунги кунга келиб Ғузор ва Деҳқонобод, Чироқчи, Нишон, Китоб, Қамаши туманларида кимёвий ишлов жараёнлари тўлиқ якунланган. Барча ҳудудларда кузатув ишлари ўтказяпмиз. Ҳозир Яккабоғ туманининг Қўштегирмон, Қишлиқ, Қоратут ҳудудларида ҳам кузатув ишлари олиб борилмоқда. Қўштегирмон ҳудудида зарарли чигирткаларнинг кичик-кичик тўдалари аниқланди ва ўша ҳудудга дарҳол кимёвий ишлов берилмоқда. Иккита махсус пикаб “Исузу” автомашинаси жалб қилинган. Топилган кичик тўдаларга кимёвий ишловлар ўтказилмоқда.
Яшиллик кушандаси бўлган бу зараркунандаларнинг вақтида аниқлангани улар кейинги йилда ҳам бирор талофат етказишининг олди олинишига хизмат қилади. Шундай бўлса-да, бу борада ҳушёрликни йўқотмаслик юзага келиши мумкин бўлган талофатларнинг бартараф этилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари