«Чевар қўллар» маркази ташкил этилди
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида «Чевар қўллар» маркази ташкил этилди.
Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қ.Турдиев, филиал директори А.Аяпов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш, талаба-ёшларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш, улар истеъдодини намоён этиши, изланиши, янгиликлар яратиши учун имкониятлар берилаётганини таъкидлади.
Марказда талаба-ёшларга миллий кийим-кечак, рақс, саҳна декорацияси учун зарур бўлган буюмларни тикиш-бичиш ва тўқиш сирлари ўргатилади. Қизиқувчан ёшлар 6 ой мобайнида ўқитилади ва якунида уларга сертификат топширилади.
– Мазкур марказни ташкил этишдан асосий мақсад, ёшларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказишига шарт-шароит яратишдан иборат, – дейди филиал директори Аманжол Аяпов. – Шунингдек, бакалавриат таълим босқичида таҳсил олаётган талаба-қизларни касбга йўналтириш, қобилиятини юзага чиқариш ва уларни қўшимча иш билан таъминлашдир.
Тадбир якунида марказга эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА