Чет тилларни ўрганиш – давр талаби
Тил билган эл билади. Ҳақиқатан ҳам, хорижий тилни билган киши кўп томонлама имкониятга эга бўлади. Шу боис, бугун юртимизда кадрлар олдига қўйилган асосий талаблардан бири ҳам чет тилларни мукаммал билишдир.
Тил билган эл билади. Ҳақиқатан ҳам, хорижий тилни билган киши кўп томонлама имкониятга эга бўлади. Шу боис, бугун юртимизда кадрлар олдига қўйилган асосий талаблардан бири ҳам чет тилларни мукаммал билишдир.
Мутахассисларни тайёрлаш жараёнида чет тилларини ўқитишнинг янги технология-механизмларини жорий этишни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Технологияларнинг таълим тизимида ўз ифодасини топиши чет тили ўқитиш савиясини такомиллаштиради.
Чет тилида, жумладан, инглиз тилида мутолаа қилиш касбга оид малакаларни шакллантиришга кўмаклашади. Хорижий тилларда, айниқса, инглиз тилида мулоқот қилишда, нутқни тушуниш, мутолаа қилиш ва ёзиш, нутқий фаолият амалиётида, ихтисослик мутахассислиги бўйича кенг тармоқли ва касбий адабиётларни ўқишда тушунтириш, аннотациялар, тезислар ҳамда ёзма ахборот алмашиш жараёнларида ахборот коммуникация технологияларининг аҳамияти беқиёсдир.
Тилшунос олимларимиз таъкидлаганидек, ўрганувчилар матн мазмунини образга кириб ифодалаши, матнда акс этган воқеликни, унда иштирок этаётган қаҳрамонлар фикридан бошқа ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам суҳбат мавзусига қўшимча тариқасида баён этиши уларнинг луғат бойлиги ортишига ва инглиз тилида тўғри фикрлаш йўлидаги энг яхши усул ҳисобланади. Бундай услубдан ўқув жараёнида тўғри фойдаланилса, касбий билимни ўзлаштириш бўйича ҳам, инглиз тилини мукаммал ўрганишда ҳам самарали натижаларга эришиш мумкин. Ўқув жараёнига татбиқ этиладиган қўшимча дастурларнинг қўлланилиши эса инглиз тилини ўқитиш масаласини муносиб равишда ҳал этишга имкон берувчи услубий ёндашувларнинг биридир. Бундай услуб асосида тил таълимини ташкил қилишга ёндашувлар ҳозирги кунда миллий услубиятда кенг оммалашмоқда.
Компьютер воситасидаги таълим – тил ўрганиш муҳитида ўйин шаклида яратилган дастурлар асосида тузилган композицияни ёзиб кўрсатиш ёки сўзлаб беришнинг татбиқ этилиши ёки олдиндан ажратиб олинган расмлар ёрдамида маълум вазиятни яратиш ва сўнгра ўша композицияни сўзлаб бериш кабилардан фойдаланиш муҳимдир. Ўқув жараёнида таълимнинг турли воситалари, янги педагогик технологиялардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Бунда ўрганувчи мавзуга қизиқиш ва эътибор билан ёндашади ва шу аснода олинган ахборотни яхши эслаб қолади.
Шунингдек, матннинг қисмлари ёки матндаги мазмун бўйича суҳбат ўтказиш нутқни ривожлантириш учун фойдалидир. Бунда ўқувчилар олган билимларини амалда қўллаши учун зарур бўлган сўз бойлигини ўстириши, изланиш фаолиятида иштирок этиш имконияти яратилади. Матбуот, даврий нашрлар, оммавий ахборот воситалари материалларидан фойдаланиб, қўшимча матн мавзуларини тайёрлаш мумкин. Айниқса, ўқувчилар қизиқарли изланишлар ва илмий кашфиётлар ҳақидаги матнларни катта қизиқиш билан ўрганади. Матнда тушуниш қийин бўлган қандайдир сўз бирлиги ёки иборалар мавжуд бўлса, уларни тушуниб олишга ёрдам берадиган ва бирмунча соддалаштирилган ўқув шаклларини яратиш янада мақсадга мувофиқдир.
Энг муҳими, бугунги кунда тил ўрганувчиларда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интернетнинг кенг имкониятларидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Бу технологиялар ҳар бир ўқувчининг чет тили бўйича билим, малака ва кўникмаларини осон эгаллашини таъминлайди. Умуман олганда, турли илғор педагогик воситалар, кўргазмалар, ўйинлар, инновацион технологиялар асосида дарснинг олиб борилиши бўлғуси барча соҳа мутахассисларининг чет тилини ўрганишида янада самаралидир.