Чет эл фуқароларини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказмаслик учун жавобгарлик оширилмоқда
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш нуқтаи назаридан чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келиши ва бу ерда туриши билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва енгиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада 80 дан ортиқ давлатларнинг фуқаролари учун визасиз кириш тизими жорий этилган, электрон визаларни бериш механизмлари йўлга қўйилган. Натижада жорий йилнинг беш ойида юртимизга хорижий туристлар оқими 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллион нафарни ташкил этди.
Ўз навбатида, амалдаги қонунчилик бўйича чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, санаторийлар, даволаш пансионатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналарга келганда, ушбу ташкилот ва муассасалар томонидан уларни келган вақтнинг ўзида рўйхатга олиш тартиби жорий қилинган.
Бу борада ушбу ташкилот ва муассасалар томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни белгиланган тартибда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмаслиги ҳолатлари учрамоқда. Шу муносабат билан қонунчиликка мазкур ташкилот ва муассасалар томонидан ушбу мажбуриятларини бажармаганлик ва шахсларни “E-mehmon” ахборот тизимига киритмаганлик бўйича уларнинг жавобгарлигини ошириш таклиф этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни шу мақсадга қаратилган.

Қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатлари 2025 йил 10 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун нормаларига мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ атама ва тушунчалар, ҳуқуқий механизмлар барча қонун ҳужжатларида бирхиллаштирилмоқда. Яъни, амалдаги бир қатор кодекс ва қонунлардаги “доимий яшаш жойи” ёки “вақтинчалик яшаш жойи” тушунчалари тегишинча “яшаш жойи” ва “турган жойи” тушунчалари билан алмаштирилмоқда.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА