Бугунги кунда Ўзбекистон ривожланаётган давлатлар қаторида улар билан турли муносабатларга киришмоқда. Ушбу муносабатларнинг энг муҳимларидан бири бу – хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириши ва чиқиши билан боғлиқ муносабатлар ҳисобланади.
Ҳозирги даврда мураккаб пандемия шароитида Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатининг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бу борада миллий ҳуқуқ нормаларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан унификация қилиш ва Ўзбекистонда хорижий фуқароларнинг ҳаракатларини тартибга солинишига эҳтиёж сезилмоқда.
Шу боис, жорий йил 4 июнда «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Қонунга кўра, чет эл фуқароси — Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, бошқа давлат фуқаролигига ва ўзининг бошқа давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлган шахс ҳисобланса, фуқаролиги бўлмаган шахс бу — Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаган шахслар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенг эканликлари назарда тутилган. Бироқ, хорижий фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқий ҳолати қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган эди.
Эндиликда, ушбу қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг қонуни олдида тенг эканлиги белгилаб қўйилди ва бу орқали қонун билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари деярли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқли этиб белгиланди.
Тўғри, айрим сиёсий ва имтиёз берувчи ҳуқуқлар Ўзбекистон фуқаросидан бошқаларга берилмайди. Масалан, Ўзбекистон фуқаросининг сиёсий ҳуқуқи бўлган сайлов ҳуқуқидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фойдалана олмайди. Бундай амалиёт ривожланган давлатларда ҳам амал қилади. Бундай чеклашдан мақсад бошқа давлатларнинг Ўзбекистон сиёсий ҳаётига аралашишга йўл қўймасликдир. Бунинг асоси сифатида давлатлар орасида ички ишларга аралашмаслик халқаро тамойили ҳам мавжудлигини келтириб ўтишимиз мумкин.
Қонун билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча ва доимий туриш тартиби ҳам белгилаб ўтилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз танловига кўра ўзининг амалдаги ҳаракатланиш ҳужжатлари бўйича жойлаштириш жойларида ёки бошқа уй-жой майдонида, шунингдек, даволаш муассасаларида вақтинча яшаши мумкин. Бунинг учун улар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши керак бўлади. Бундай шахсларга сиёсий бошпана бериш тартиби ва шартлари бўлса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилди.
Барча учун керак бўладиган идентификацияловчи карта нафақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, балки қуйидаги шахсларга ҳам берилади:
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга — улар ўн олти ёшга тўлганида ёки ота-онасининг, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра — бола туғилган пайтидан эътиборан ва ўн олти ёшга тўлгунига қадар;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш учун рухсатнома олган шахсларга, шу жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган шахсларга;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, бироқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилмаган ёки «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахсларга;
- қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулк сотиб олган чет эл фуқароларига;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган шартлар асосида инвестициялар киритган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шу жумладан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг муассисларига (иштирокчиларига), шунингдек, уларнинг оила аъзоларига;
- Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилган чет эл фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади. Ушбу карталар юқорида санаб ўтилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлиш учун, яъни бемалол ҳеч қандай тўсиқларга учрамаслик учун ҳам керак, десак янглишмаймиз. Чунки ушбу ҳужжат уларнинг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
Идентификацияловчи карта:
янги туғилган бир ёшгача бўлган болаларга — икки йил;
бир ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларга — беш йил;
ўн олти ёшдан олтмиш ёшгача бўлган шахсларга — беш йил;
олтмиш ёшдан ошган шахсларга — ўн йил муддатга амал қилади.
Шунингдек, чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтказилган фуқароларига эса идентификацияловчи карта уларнинг миллий паспортларининг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга берилади. Бундай муддатларнинг белгиланиши, албатта, инсоннинг табиий ҳолати ва давлатдаги ўрнатилган ички тартиблардан келиб чиқади.
Қўшимча қилиш мумкинки, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи каби инсон учун зарур ва шарт бўлган ҳуқуқларнинг барчаси қонун билан кафолатланган. Аммо шуни унутмаслик лозимки, ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам бўлиб, барча ўз мажбуриятларини бажариши шарт.
Агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлган даврида жиноят содир этса, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси билан жиноий жавобгарликка тортилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳолати қўлланилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши учун тақиқ қўйилиши, шунингдек, уларнинг туриш муддати қисқартирилиши ҳам мумкин. Жавобгарлик ҳуқуқбузарликнинг аҳамиятлилик даражаси ва содир этган муҳитидан келиб чиқиб белгиланади.
Хулоса қиладиган бўлсак, шу вақтгача чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати қонун даражасида бўлмаган бошқа нормалар билан тартибга солиниб келинди. Аммо эндиликда ушбу қонунни қабул қилиниши чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати муносабатларини тартибга солиши билан бирга, бундай шахсларга бир неча ҳуқуқларни кафолатлаб, уларнинг Ўзбекистонда яшаши учун барча шароитларни ўзида мужассам этади.
Аҳадулло АХМEДОВ,
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бош юрисконсульти