Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Черногория давлатлари туризм тадбиркорларининг икки томонлама очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Мазкур “WORK SHOP MONTENEGRO 2023” тадбири Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” компанияси ва Черногориянинг “R-Tours Budva” компаниялари ташаббуси билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вазирлик мутасаддилари ва икки давлатнинг туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Қайд этилишича, ўтган 2022 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 5,2 миллион нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 1,6 миллиард АҚШ долларидан ошган. Жорий йилда ҳам Европадан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сони кескин ортиши кутилмоқда.
– Черногория давлатида юртимизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганлигини қадрлаймиз ва уларни мамлакатимизда кўришдан мамнун бўламиз, – дейди Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов. – Келгусида икки мамлакатнинг туризм имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда туризм соҳасида ҳам ўзаро манфаатли келишувларга эришишимизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг июнь ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Черногория ўртасида доимий тўғридан-тўғри авиарейслар қатнови йўлга қўйилмоқда. Бу икки мамлакат туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун янги имконият ва муҳим қулайликлар яратади. Амалга оширилаётган ишлар мамлакатлар аҳолисининг сифатли ҳордиқ чиқаришлари учун муҳимдир.
“Prestige Travel” компанияси бу борада етарли тажрибалар асосида фаолият кўрсатади. Компания асосчилари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда илк бор Мисрга, Вьетнамга ҳамда қатор Европа давлатларига биринчи марта тўғридан-тўғри авиарейслар қўйилиб, саёҳат учун кенг йўл очилган.
Жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳлар сони 7 миллиондан ортиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунёга танитиш ва Европа давлатларидан кириб келувчи сайёҳлар сонини оширишда мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантириш ҳамда соҳанинг ўсиш суръатлари учун шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунга келиб, юртимизда 5 мингга яқин жойлаштириш воситалари фаолият кўрсатмоқда. Республика бўйича сайёҳларни қабул қилувчи ўринлар сони 100 мингдан ортган.
Шунингдек, 2023 йилнинг июнь ойидан бошлаб, Черногорияга тўғридан тўғри рейслар амалга оширилади. Энди Черногорияга боришда Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб этилмайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА