Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида “Ёшларга оид давлат сиёсати асосида 2024 – 2025 ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва талаба-ёшларга яратилган имкониятлар” мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Унда филиал директори, профессор Байрамбай Еримбетов олий таълим муассасасининг ташкил этилиш тарихи ва бугунги кундаги ҳаёти, талабаларнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари, келгусидаги режалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
– Ушбу олий таълим муассасаси Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, халқаро спорт мусобақаларида иштирок этадиган ёшларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди.
Филиал очилган йили фақат кундузги бўлимга етти мутахассислик бўйича 50 нафар талаба қабул қилинган. Айни пайтда эса, кундузги, сиртқи таълим йўналишларида 30 та мутахассислик бўйича жами 1 минг 240 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу, албатта, ўқув даргоҳига қизиқиш ортиб бораётганидан дарак беради.
[gallery-23521]
2025 йилнинг апрель ойигача филиалда таълим олиб, шартнома асосида ижара уйларда яшаётган 60 нафар талаба-ёшдан моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ариза келиб тушган ва уларнинг 59 нафарига ижара пули тўлаб берилди. Шу билан бирга, филиалда талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими ҳамда филиал профилактика инспектори билан ҳамкорликда суҳбатлар ўтказилди.
Филиалда таҳсил олиб, яхши натижаларга эришган битирувчилардан Зайнаб Дайибекова ва Шаҳзода Ибрагимованинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этгани, Зайнаб Дайибекованинг Ўзбекистон Республикаси делегациясининг байроқдори бўлгани жамоа учун катта фахр. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, Оролбўйининг чекка ҳудудларида бадиий гимнастика спортини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали ташаббуси билан Нукус туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабида “Шаҳзода Ибрагимова спорт маҳорати тўгараги” ташкил этилди.
2024 – 2025 ўқув йили филиалда таълим олаётган талаба-ёшлардан 26 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига аъзо бўлган. 3 нафар талаба халқаро даражадаги спорт устаси, 27 нафар талаба Ўзбекистон спорт устаси, 158 нафари спорт усталигига номзоддир.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 – 2025 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи талабаларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номдор давлат стипендияларини тайинлаш тўғрисидаги буйруғи билан филиалдан 6 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти, Алишер Навоий, Ислом Каримов, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов ва Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияларининг ғолиби бўлди.
Жорий ўқув йилида жами 144 нафар талаба ўқишни тугатиши кутилмоқда, Битирувчиларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида кундузги таълим йўналиши бўйича 44 нафар, сиртқи таълим йўналиши бўйича 63 нафар талаба билан 3 томонлама шартнома тузилган.
Матбуот анжумани якунида журналистлар томонидан бугунги кунда кенг жамоатчиликни қизиқтириб келаётган масалалар бўйича саволлар берилиб, уларга тегишли жавоблар олинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.