“Чемпион болажон” иш бошлади
Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳрининг Истиқлол маҳалласида “Чемпион болажон” мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳрининг Истиқлол маҳалласида “Чемпион болажон” мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида давлат хусусий шерикчилик асосида барпо этилган 150 ўринли мазкур муассаса спортнинг сузиш турига ихтисослашган. Муассаса қурилиши ва жиҳозланиши учун 4 миллиард 502 миллион сўм маблағ сарфланди.
Икки қаватли, замонавий қиёфага эга ушбу инновацион муассасада болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етишлари учун барча зарур шароит яратилган. Қишки ва ёзги сузиш ҳавзаси мавжуд.
Муассасада нафақат сузиш, балки рақс, бадиий гимнастика, рассомчилик, инглиз ва рус тили тўгараклари ташкил этилади. Шунингдек, олий тоифали дефектолог ҳамда болалар массажисти ҳам фаолият кўрсатади.
Мазкур мактабгача таълим ташкилотининг ишга тушиши билан 25 та янги иш ўрни яратилди. Болажонларга тажрибали мутахассислар спортнинг сузиш тури бўйича сабоқ беради.
− Айни кунда Андижон шаҳрида 56 та давлат, 12 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги, 8 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 9 та уй боғча фаолият кўрсатмоқда, − дейди Андижон шаҳар мактабгача таълим ташкилоти бўлим бошлиғи Хилолахон Зияева.
− Умуман, бугунги кунда шаҳарда болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 47,3 фоизга етказилган.
Жорий йил давомида яна 4 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги, 6 та уй боғча ишга туширилиши ҳамда мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши ҳисобига қамровни 56 фоизга етказиш кўзда тутилган.