"Челси" клубини америкалик миллиардер сотиб олди
"Челси" футбол клубини америкалик тадбиркор Тодд Боэли раҳбарлик қилаётган консорциумга сотиш ишлари ниҳоясига етди, дейилади Буюк Британия ҳукуматининг сайтида эълон қилинган ҳужжатда.
Аввалроқ "Челси" клуби ўз акцияларининг назорат пакети Боэли консорциуми томонидан харид қилиниши шартига рози бўлгани ҳақида маълум қилинган эди. Хабарда, харид қиймати 5,3 миллиард долларни ташкил этгани айтилади. Бироқ жамоанинг хўжайини россиялик тадбиркор Роман Абрамович Буюк Британия ҳукуматининг олди-сотти бўйича таклиф қилган режасини қабул қилмагандан кейин клубни сотиш билан боғлиқ муаммо пайдо бўлганди. Кейинроқ келишмовчилик бартараф қилингани, томонлар умумий тил топишгани айтилди.
Аммо, олди-сотти шартномасини нафақат Буюк Британия ҳукумати, балки Португалия ҳукумати ҳам маъқуллаши керак экан, чунки Абрамович ушбу мамлакатнинг ҳам фуқароси ҳисобланади. 26 май куни Португалия ҳам клубнинг сотилишига розилигини билдирди.
Абрамович "Челси" ни 2003 йилда сотиб олган эди. Шундан буён Лондоннинг ушбу клуби беш маротаба Англия чемпионлигини, беш маротаба Англия кубогини қўлга киритди, уч марта Англия лигаси кубогига эга бўлди, шунингдек, икки марта Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг бош совринларини ҳам олишга муваффақ бўлган. Март ойи бошида Абрамович Украина атрофидаги вазият туфайли клубни сотувга қўйгани ҳақида эълон қилганди.