Чегарадан интеграцияга: Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари ривожланиши
1991 йил мустақилликка эришган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар 2016 йилгача “муаммоли қўшничиликдан барқарор ҳамкорликка ўтиш” босқичи сифатида шаклланди. Чегара масалалари ҳал қилиниши, шерикликнинг ҳуқуқий асоси яратилиши замонавий интеграция жараёни учун зарур, аммо тўлақонли хусусият касб этмаган шарт сифатида намоён бўлди. Фақат кейинги босқичдагина мавжуд пойдевор устида сифат жиҳатидан янгича муносабатлар ўрнатила бошланди.
Яқинлашувдан стратегик шерикликка – 2017-2021 йиллар

2017 йилдан бошлаб икки давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилди. Давлат ташрифлари, ҳукуматлараро учрашувлар ва минтақавий форумлар мунтазамлик касб этди. Энг муҳими, жараён одатий қуруқ баёнотлар билан чекланиб қолмасдан, аниқ натижага йўналтирилди. Хусусан, савдо, инвестиция, транспорт, саноат кооперацияси каби йўналишларда ўнлаб келишувлар имзоланди.
Иқтисодий ҳамкорлик ўсиши суръати айнан шу даврда кескин ўзгарди. Савдо айланмаси қисқа вақт ичида бир неча карра ошди. 2016 йил тахминан 2 миллиард доллар атрофида чамаланган ўзаро савдо айланмаси 2021 йилга келиб 4 миллиард долларга яқинлашди. Бундай ўсиш тасодиф эмас. Зеро, божхона тартиб-таомилини соддалаштириш, чегарадан ўтиш манзилларини кенгайтириш ва “яшил йўлаклар” очиш орқали савдо муҳити анча енгиллашди.
Саноат кооперацияси янги босқичга чиқди. Қўшма корхоналар сони ортди. Айниқса автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари соҳаларида ҳамкорлик кучайди. Икки давлат ишлаб чиқариш занжирини ўзаро боғлашга ҳаракат қилиши импортга қарамликни камайтириб, қўшилган қийматни оширишга хизмат қилди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ўзгариш ҳам стратегик аҳамият касб этди. Темир йўл ва автомобиль йўллари орқали юк ташиш ҳажми ошди, транзит салоҳияти кенгайди. Қозоғистон орқали Россия ва Европа бозорига чиқиш имконияти кенгайди, Ўзбекистон орқали эса Афғонистон ва Жанубий Осиёга олиб борадиган йўналиш фаоллашди. Шу тариқа икки давлат минтақавий логистика тизимининг муҳим бўғинига айланди.
Ўзаро муносабатнинг энг муҳим сифат ўзгариши сиёсий ишонч даражаси ортишидир. Илгари эҳтиёткорлик билан ёндашилган масалалар, жумладан сув-энергетика ва чегара олди шериклиги бўйича мулоқот очиқ шаклга кўчди. Мамлакатларимиз минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масаласида бир-бирига яқин қараш намоён эта бошлади.
2021 йил жараённинг мантиқий давоми сифатида тарихий қарор қабул қилинди: Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабат расман стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бу фақат сиёсий баёнот эмас, балки мавжуд алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини англатди. Яъни, ҳамкорлик алоҳида соҳалар билан чекланмай, комплекс ва узвий тизимга айлана бошлади.
Шу тариқа 2017-2021 йиллар оралиғи икки давлат муносабати қайта шаклланиши даври сифатида намоён бўлди. Аввал шаклланган ҳуқуқий ва тузилмавий пойдевор аниқ мазмун билан тўлдирилди, иқтисодий ва сиёсий алоқалар жадал ўсиш босқичига кирди.
Стратегик шерикликдан амалий интеграцияга – 2022-2026 йиллар

2022 йилдан бошлаб ҳамкорлик таркибий жиҳатдан чуқурлашди. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми барқарор ўсишни сақлаб қолди ва 5 миллиард долларлик чегарага яқинлашди. Бир қарашда бу рақам фақат иқтисодий фаолликни англатадигандек туюлади. Бинобарин, мазкур жараён ортида муҳим сифат ўзгариши ҳам бор: савдо таркиби тури сезиларли даражада кенгая бошлади. Алмашинувда аввал асосан хом ашё ва озиқ-овқат устунлик қилган бўлса, эндиликда саноат маҳсулотлари, тайёр товарлар ва хизмат улуши ортмоқда.
Саноат кооперацияси интеграциянинг асосий драйверига айланди. Қўшма лойиҳалар сони ортиб, умумий қиймат миллиардлаб долларга етди. Автомобилсозлик, электр техникаси, кимё саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш занжири шаклланмоқда. Бу жараён оддий экспорт-импорт муносабатидан фарқ қилади: маҳсулотлар бир мамлакатда ишлаб чиқарилиб, иккинчисида қайта ишланади ёки йиғилади. Шу тариқа икки иқтисодиётнинг боғлиқлиги кучаймоқда.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик тус олган. Марказий Осиё орқали ўтувчи транзит йўлаклар глобал аҳамият касб эта бошлаган бир пайт Ўзбекистон ва Қозоғистон инфратузилмани уйғунлаштиришга киришди. Темир йўл тарифини мувофиқлаштириш, божхона жараёнини рақамлаштириш ва чегарадан ўтиш манзилларини модернизация қилиш каби чоралар юк айланмасини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда. Энди давлатларимиз нафақат минтақавий, балки халқаро логистика занжирининг муҳим халқаларига айланмоқда.
Геосиёсий омиллар ҳам интеграция жараёнига таъсир ўтказяпти. Россия, Хитой каби ташқи кучлар Марказий Осиёдаги иқтисодий ва сиёсий жараёнда фаол иштирок этаётган бугунги шароитда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз ёндашув ва қарашларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги босқичнинг асосий хусусияти ўзаро муносабат чуқур тизимлашгани ва амалий натижага йўналтирилганида намоён. Илгари асосан сиёсий ирода билан чекланган ҳамкорлик энди иқтисодий манфаат, ишлаб чиқариш занжири ва инфратузилма орқали мустаҳкамланмоқда. Энг муҳими, муносабатларимиз ортга қайтмайдиган даражада ўзаро боғлиқлик сари йўналтирилган.
Ўзбекистон – Қозоғистон муносабати ривожланиши Марказий Осиёда янги сифат босқичи шаклланаётганини кўрсатади. Зеро, биз энди оддий қўшни ёки қоғоздаги дўстлар эмас, балки ўзаро манфаат, ишонч ва аниқ ҳисоб-китобга асосланган барқарор шерикликлармиз. Чегарадан бошланган йўл бугун иқтисодий боғлиқлик, саноат алмашинуви ва минтақавий уйғунликка элтувчи аниқ тизимга уланди. Ушбу ҳамкорлик икки давлат тараққиётини тезлаштириш баробарида бутун минтақада барқарорлик, боғлиқлик ва ички имкониятга таянадиган янги тараққиёт услубини шакллантирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА