Жиззах шаҳрида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган гуруҳ командири, сержант Шокиржон Назаров узоқ йиллардан буён эл-юрт тинчлиги йўлида ўз бурчини сидқидилдан адо этиб келмоқда. Оилада эса фарзандларининг севимли отаси.
Фарзандларига тўғри йўл кўрсата олган Шокиржон ака айни кунларда бахтли оталардан бири. Чунки икки фарзанди Шоҳижаҳон ва Камронбек Нурмаматовлар Россиянинг Уфа шаҳрида спортнинг қўл жанги бўйича ўсмирлар ва кичик ёшдагилар ўртасидаги чемпионатда қитъамизнинг 16 та давлатидан қатнашган спортчилар билан куч синашиб, совринли ўринларни эгаллашди.
Осиё чемпионатига қадар Шоҳижаҳон қўл жанги бўйича кўп карра вилоят чемпиони ва тўрт бор Ўзбекистон чемпионатида совриндор бўлган. Камронбек ҳам Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, уч марта совриндорлар қаторидан жой олган. Ҳозирда уларнинг кичик укаси Бобурбек ҳам акалари сингари спортчи бўлишни орзу қилиб, қўл жанги бўйича шуғулланиб келмоқда.
- Фарзандларимнинг бу ютуғидан ғоятда ғурурландим, - дейди сержант Ш. Назаров. - Тақдирлаш маросимида телевизор орқали ўғилларимнинг шоҳсупага кўтарилганини кўриб, кўнглимдан кечган ҳисларни таърифлаб беролмайман.
Бу оиладаги ёш чемпионлар келажакда отаси сингари олий ҳарбий билим юртларига ўқишга кириб, чегарачи бўлишни ният қилишган. От изини той босар, деб шунга айтсалар керак.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА