Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида Денгизкўл чегарани қўриқлаш взводининг тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Бухоро вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни истиқлол айёми, шунингдек, янги бинонинг очилиши билан қутлади. Шунингдек, вилоят раҳбари Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан ҳарбий соҳага қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, сарҳадлармизни ишончли қўриқлашдек ўта масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тизимида сўнгги йилларда туб ўзгаришлар, мисли кўрилмаган янгиланишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан Чегара қўшинларига ажратилган 6 миллиард 600 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан ушбу чегарани қўриқлаш взводида амалга оширилган капитал таъмирлаш ишларидан сўнг маъмурий мажмуа буткул янги қиёфага кирди.
Мажмуани капитал таъмирлашда “Раҳмон Жамшид” МЧЖ лойиҳачи ва қурувчилари алоҳида жонбозлик кўрсатишди. Уларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли хизмат хоналари, ётоқхона ва ошхона, омборхона ва автосарой, бир сўз билан айтганда, хизматни ўташ учун барча муносиб шароитлар яратилган объект чегарачиларга мустақиллик байрами туҳфаси бўлди.
Тадбирда муҳандис-қурувчиларга эҳтиром кўрсатилди. Фахрий чегарачилар ҳам сўз олиб, ёш чегарачиларга яратиб берилаётган замонавий шарт-шароитлар, имтиёз ва имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.
Алвон лента қирқилиб, йиғилганлар иншоотда яратилган шарот-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири