Ватанга қасамёд – бу йигитлик шаъни, ор-номуси, зиммасидаги масъулиятли бурчни шараф билан адо этишга аҳд қилишдир.
Миллий армиямиз сафларига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилган ўғлонларнинг тантанали Ватанга қасамёд қабул қилиш тадбирлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларда ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбирларда Чегара қўшинлари масъул офицерлари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда аскарларнинг ота-оналари иштирок этди. Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳамда Бекобод шаҳрида ўтказилган тадбирларда тинчлигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани таъкидланди. Бугун мамлакатимизда ҳарбийларга қаратилаётган юксак эътибор, миллий армиямизнинг салоҳияти ва жанговар қудратини янада ошириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар хусусида сўз борди.
Шундан сўнг қалбларга ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлаган ҳаяжонли лаҳзалар бошланди. Ўғлонлар ватан олдидаги ўз йигитлик бурчини адо этишга тантанали равишда қасамёд қилди.
– Бугун ўғлим Далержон Шоназаров ва албатта, бутун оиламиз учун энг унутилмас, бахтли кун. Чунки, фарзандим ўз орзусига етди. У болалигидан отаси, тоғасини кўриб ҳарбийликка ҳавас қиларди. Ҳозир бу ердаги аскарларни, уларнинг қуроллар билан ҳаракатлари, чиқишларини кўриб кўзимиз қувонди. Бир ойда фарзандларимиздаги ўзгаришларни кўриб тўғриси хурсанд бўлдик. Бунинг замирида, албатта катта меҳнат ётибди. Тадбир жуда чиройли, яхши кайфиятда ташкил қилинди. Бундан жуда хурсандмиз. Барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, –дейди Дилафрўз Бозорова.
Жиззах вилоятининг қўшни Республикалар билан чегарадош ҳудудлари дахлсизлигини таъминлашга киришиш остонасида турган юрт ўғлонлари ҳам сафдошлари сингари кўксига қуролини маҳкам босиб Ватанга қасамёд қилди. Тантанали маршдан сўнг, муддатли ҳарбий хизматчиларга Чегара қўшинлари қўмондонининг табриги етказилди. Шундан сўнг, аскарлар томонидан қисқа вақт ичида ўзлаштирилган ҳимоя ва ҳужумда қўл келувчи жанговар элементлардан намуналар кўрсатилди.
Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги ҳарбий қисмларда ташкил этилган тадбирлар давомида эса ўз дилбандини ҳарбий либосда, сафда шахдам қадамлар билан мағрур ҳаракатланаётганини кузатган ота-оналарнинг қалблари чексиз қувончга, диллари фахрга тўлди.
Бу ерда ҳам алпқомат ўғлонлар ўтган қисқа вақт мобайнида ҳарбий соҳанинг сир-асрорларини ўрганиб, дастлабки кўникма ва билимларни ўзлаштиришга муваффақ бўлганларини кўргазмали қўл жанги ва жанговар чиқишлари орқали намойиш этди.
Ёшу қарини бир ерга жамлаган шу каби тадбирлар Фарғона вилоятидаги Қувасой ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Фарғона туманидаги Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда ҳам бўлиб ўтди. Ватанимиз мустақиллиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва юртимиз тинчлиги, осойишталигини сўнгги нафасигача ҳимоя қилишга бел боғлаган ўғлонларга самимий тилаклар билдирилиб, келгусидаги хизмат фаолиятларида омадлар тиланди.
Шунингдек, тадбирлар давомида Ватан олдидаги ўз йигитлик бурчини ўтаб бўлиш арафасида турган муддатли ҳарбий хизмат оддий аскарларига Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзли тавсияномалар тантанали тарзда топширилди.
Ватанга қасамёд тадбирларига Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Чегара қўшинларига қарашли барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларда ҳам катта тайёргарлик кўрилди. Ёш аскарлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан етиб келган яқинларини кўриб ниҳоятда хурсанд бўлди.
[gallery-22959]
– Жуда ҳаяжондаман. Бу онларни неча кун давомида интиқиб кутдик. Бугун ота-онамиз, яқинларимиз гувоҳлигида Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилдик. Энди ана шу аҳдимизга муносиб бўлиб, юртимиз сарҳадларини шижоат ва матонат билан қўриқлаймиз, – дейди муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Дилшодбек Неъматов.
Ҳақиқий байрамга айланган тадбирлар давомида Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Эндиликда юртпарвар, фидойи ҳарбийлар сафига қўшилаётган бу навқирон ўғлонларимизга келгусида сарҳадлар ҳимоясидаги хизмат фаолиятларида ҳамиша омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Майор Фарида Бобожонова,
ДХХ Чегара қўшинлари