Чавандозларимиз Евросиё кубогида зафар қучишди
Мамлакатимизда от спорти турларини янги босқичга олиб чиқиш борасида қабул қилинган қарорлар, ишлаб чиқилган дастурлар ва “Йўл харита”ларидаги вазифалар ижросини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳа ривожида муҳим омил бўлган наслчилик ва зотдор отларни кўпайтириш, иқтидорли ёш чавандозларнинг мусобақалардаги кўникмасини ошириш мақсадида кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида халқаро майдонда сезиларни ютуқлар қўлга киритилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 7-10 октябрь кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича ўтказилган Евросиё кубогида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг муваффақиятли иштироки мазкур эътиборнинг самарасидир.

Евросиё кубоги якунларига кўра, ҳамюртларимиздан Бекзод Қурбонов «King Cornet L» тулпори билан турнирнинг мутлақ чемпионига айланди.
Яна бир чавандозимиз Умид Камилов “Nero Uno Rafael” лақабли отда кумуш медални қўлга киритган бўлса, Аъзам Толиббоев ўзининг “Lady” оти билан 10 тага яқин чавандозлар орасида 4-ўринни эгаллади, дейилади Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА