Муносабат
Сўнгги йилларда юртимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик ва енгилликлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат хизматлари кўрсатиш борасида олиб борилаётган барча ишлар халқимизни давлатдан рози бўлиши, хизматлардан қулай ва шаффоф фойдаланишига эътибор қаратилган.
Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 23 март куни Президентимизнинг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан танишар эканмиз, у том маънода аҳолини қийнаётган жуда кўплаб бюрократик тўсиқларни бартараф этишини, аҳоли ва тадбиркорларни идорама-идора сарсон бўлиб юришига чек қўйишига ишониш мумкин.
Хусусан, 2021 йил 1 июндан давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш бўйича бир қанча енгилликлар яратилмоқда. Етти турдаги фуқаролик ҳолати далолатномалари (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади.
Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда юридик шахснинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади.
Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади.
Давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда юритишга ўтилади, бунда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади. Солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.
Яна бир янгилик, 2021 йил 1 майдан бошлаб хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божи тўловини электрон тарзда ЯИДХП орқали қабул қилиш имкони яратилади. 2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари бериш уларни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга ошириш тизими жорий этилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, жорий йил 1 июндан бошлаб, Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган сифатида белгиланиб, давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур фармонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлатхизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятларини олиб бориши учун бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича яна кўплаб қулайликлар яратилиши кўзда тутилган.
Жасур Қаюмов,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
бошлиғи ўринбосари
ЎзA