Бюджет ислоҳотида янги босқич (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда давлат молиясини Барқарор ривожланиш мақсади ва яшил ривожланиш устувор йўналишлари билан уйғунлаштириш” мавзусида икки кунлик ўқув дастури ташкил этди.
Тадбир давлат харажатини мамлакатнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ва экологик вазифалари билан мувофиқлаштириш масалаларига бағишланди. БРМ, иқлим кун тартиби ва гендер масалаларини фискал сиёсатга самарали интеграция қилиш усуллари ҳам муҳокама марказига чиқди. Ушбу йўналишлар мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотнинг муҳим таркибий қисми сифатида баҳоланмоқда.
Анжуманда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати ва Фискал сиёсат департаментлари, Бюджет-солиқ илмий тадқиқот институти, Ўқув маркази ҳамда бошқа таркибий бўлинмалар мутахассислари қатнашяпти. Шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ходимлари ҳам жараёнга жалб қилинган. Бундай кенг қамровли иштирок соҳадаги янгиланишларни барча даражада мувофиқлаштириш имконини яратади. Амалий машғулотлар давомида халқаро тажриба ва замонавий ёндашувлар ҳам таҳлил қилиняпти.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда молиявий бошқарув тизимини модернизация қилиш бўйича салмоқли қадамлар ташланди. Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилиниши, ўрта муддатли Фискал стратегия жорий этилиши ва дастурий бюджетлаштириш механизми амалиётга татбиқ қилиниши шулар жумласидан. Энди эътибор маблағ қай даражада тараққиётга хизмат қилаётганини баҳолашга қаратилади. Натижада шаффофлик, ҳисобдорлик янада кучаяди.
БМТ ТД ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Словакия Республикаси Молия вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган, “Ўзбекистон тараққиёти учун давлат молияси” – “Public Finance for Development in Uzbekistan” лойиҳаси доирасида илгари сурилган мазкур ташаббус илғор халқаро тажрибани ўзлаштириш, институционал салоҳиятни ошириш ва маблағдан фойдаланиш самарадорлигини кучайтиришга қаратилган.
Мутахассислар фикрича, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар миллий ривожланиш устуворлиги билан молиявий қарорлар уйғунлигини янги босқичга олиб чиқади. Бу эса “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишни осонлаштиради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uiotk8Fevg0" title="Budjet islohotlarida yangi bosqich" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА