Буюк тафаккур хазинаси: Юртимиздан олиб кетилган ноёб қўлёзмалар қисмати
Мулкни ва ерни босиб олиш мумкин. Аммо халқнинг теран тафаккурини ва руҳиятини енгиш осон эмас. Шу боис босқинчилар доимо миллатнинг илмий меросини нишонга олган.
Ўн тўққизинчи асрда юртимизга қилинган тажовуз фақат ҳарбий ҳаракатлардан иборат эмасди. Бу жараёнда халқимизнинг асрлар давомида яратилган маънавий бойликлари ҳам шафқатсизлик билан ташиб кетилди. Амир ва хонларнинг муҳташам саройларидаги улкан кутубхоналар бўшатилди. Минглаб нодир шарқ қўлёзмалари ва маданий дурдоналар Петербург шаҳрига жўнатилди. Бу ҳаракатлар асло тасодифий эмасди. Улар бевосита империя ҳукуматининг олий даражадаги қарорлари билан қатъий бошқарилган.
Туркистон генерал-губернаториКонстантин Кауфман мазкур жараённи шахсан ўз назоратига олган эди. Ҳарбий юришларга бошчилик қилган генераллар оддий аскарларга эмас, махсус билимга эга олимларга таянган. Хусусан, Хива юришида армия таркибида шарқшунос Александр Кун ҳам бўлган. Унинг асосий вазифаси ноёб шарқ қўлёзмаларини излаб топиш ва зудлик билан мусодара қилишдан иборат эди. Олим қисқа вақт ичида бебаҳо ва беқиёс коллекция тузишга муваффақ бўлади. Ушбу тўпламдан бир юз қирқ жилд тарихий асарлар ўрин олганди. Шунингдек, ҳуқуқшунослик ва илоҳиёт масалаларига бағишланган эллик жилд китоб қўлга киритилади. Улар орасида ўн саккиз нусха Қуръони карим ҳам бор эди.
Хивадан жами уч юзта бебаҳо қўлёзма Император халқ кутубхонасига топширилади. Ушбу манбаларнинг рўйхати ҳозирда Россиядаги Археология институтининг Санкт-Петербург бўлими архивида сақланмоқда. Бундай кенг қамровли китоблар йиғиндиси аждодларимизнинг нақадар чуқур билим эгаси бўлганини исботлайди. Улар нафақат диний, балки дунёвий ва аниқ фанларни ҳам мукаммал ўзлаштирган. Қўқон хонлигига қарши юришлар давомида ҳам худди шундай қатъий усул қўлланилган. Тарих, тиббиёт ва ҳуқуққа доир бир юз ўттизта қўлёзма саройлардан олиб чиқилади. Бу нодир китоблар ҳам зудлик билан Россиянинг Император кутубхонасига жўнатилади. Маданий бойликларни ташиш жараёни ҳеч бир танаффуссиз амалга оширилган.
Бухоро амирлигидаги Китоб беклигининг босиб олиниши эса тарихнинг машъум саҳифаларидан биридир. Жўрабек Қаландарҳожи ўғли саройига бостириб кирган қўшин кутилмаган манзарага дуч келади. Бу ерда бутун бошли улкан шарқ қўлёзмалари кутубхонаси сақланар эди. Китоблар тўплами тўлиғича босқинчилар қўлига ўтади. Александр Кун томонидан Шаҳрисабз беклигидан ҳам ўнлаб ноёб асарлар йиғилади. Иккала бекликдан жами юз нусха нодир асар империя музейларига олиб кетилади. Бу рақамлар ортида бутун бир миллатнинг теран тарихий хотираси ва заковати ётибди. Китоб беклигидан олиб кетилган асарларнинг тарихий рўйхатига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Унда минтақадаги интеллектуал ва маданий муҳит нақадар юксак бўлгани яққол кўринади.
Мазкур муфассал рўйхатда ҳуқуқшунослик ва қонун ижодкорлигига оид асарлар салмоқли ўрин тутади. “Саҳифат ул-аҳком”, “Фатвойи Иброҳимшоҳий” ҳамда “Натоиж ал-афкор” каби машҳур асарлар шулар жумласидандир. Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “Ҳидоя” асарига ёзилган нодир шарҳлар ҳам бекликда авайлаб сақланган. Давлат бошқаруви ва мураккаб ижтимоий муносабатлар айнан шу китоблар асосида тартибга солинган. “Мабасути Сарахсий” каби мумтоз ҳуқуқий манбаларнинг беклик саройида туриши қонун устуворлигидан далолат беради. Шунингдек, “Ҳошияи шарҳи ва хурури вақф” номли асар иқтисодий тартиб-қоидалар мукаммал бўлганини кўрсатади.
Китоб беги Жўрабекнинг бой кутубхонасида тиббиётга оид мажмуалар ҳам алоҳида эъзоз билан ўрганилган. Хусусан, “Рисолаи дар илми тибб”китобининг мавжудлиги беҳад эътиборга моликдир. Бу асар беклик саройида инсон саломатлиги ва табиий илмлар ҳам юқори қадрланганини билдиради. Тарихнавислик йўналишидаги сақланиб қолган манбалар ҳам бениҳоя теран ва ранг-баранг бўлган. Султон Муҳаммад қаламига мансуб “Мажмаъ ал-ғаройиб” асари ўтмишнинг қоронғу саҳифаларини ёритади. “Тарихи Мавлоно Восифий” ва “Тарихи шарафномаи Шоҳий” орқали минтақанинг сиёсий ҳаёти батафсил баён қилинган. “Хулосат ул-ахбор ва тарихи Чингизий ва авлод” номли асар орқали китобхонлар умумий минтақа тарихини ўрганган.
Шу билан бирга, бек ва унинг оиласи маънавий тарбия ҳамда мураккаб фалсафий қарашларга ҳам алоҳида вақт ажратган. Буни машҳур алломаларнинг дунёқарашини акс эттирувчи китоблар мисолида яққол кўриш мумкин. Жумладан, сарой кутубхонасида “Ақоиди мулла Жалол Давоний” асарининг сақланиши жуда муҳим далолатдир. Бу китоб орқали сарой зиёлилари мантиқ, калом ва мураккаб илоҳиёт сирларини теран ўрганган. Шунингдек, “Тарихи равзат ус-сафо” асарининг охирги жилдлари ҳам доимий мутолаа қилинган. Мазкур асар бутун бошли инсоният тарихини ва пайғамбарлар ҳаётини қамраб олади. Бундай китобларнинг ўқилиши бекликдаги таълим даражасининг юқори бўлганини ва кенг дунёқарашни англатади. Аждодларимиз фақат ўз ҳудуди тарихи билан чекланмай, умумбашарий билимларни ҳам пухта эгаллаган.
Сарой аҳли фақат сиёсат ва илм билан чекланиб қолмаган, улар юксак дид эгаси бўлган. Қўқон хони Умархоннинг “Девони ғазалиёти” бек саройи аҳлининг нафис шеъриятга бўлган чексиз муҳаббатини кўрсатади. Мазкур йирик тўпламда ҳазрат Алишер Навоийнинг ўлмас “Хамса” асари ҳам бор эди. “Тазкираи Давлатшоҳий” каби машҳур биографик манбаларнинг ўқилиши эса тарихий шахсларга ҳурмат рамзидир. Демак, давлат арбоблари ва ҳарбий қўмондонлар айни пайтда етук адабиёт муҳиблари бўлган.
Буюк маданият ва теран тафаккур ҳеч қачон тарих саҳифаларидан изсиз йўқолмайди. Гарчи минглаб бебаҳо қўлёзмаларимиз олис шаҳарлардаги кутубхоналарда сақланаётган бўлса-да, улар ўзбек давлатчилигининг азалдан нечоғлик мустаҳкам ҳуқуқий, илмий ва маънавий пойдеворга эга бўлганини тасдиқлайди. Мазкур тарихий ҳақиқат бизни ўзлигимизни янада чуқурроқ англашга ва илм-маърифат йўлида бардавом бўлишга ундайди. Миллатимизнинг асл қудрати ва буюклиги ана шу битмас-туганмас зиё чашмасида мангу яшайди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА