Ватанимиз тарихидаги 16 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
980 йил (бундан 1045 йил олдин) – ҳижрий 370 йил сафар ойининг бошида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино таваллуд топди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, сафар ойи 16 августдан бошланиб 14 сентябргача давом этади. Ибн Сино мана шу ой ичида дунёга келган. Ҳозирча унинг туғилган куни аниқланмаган. Сафар ойининг биринчи куни 16 август кунига тўғри келгани учун уни 16 августда туғилган деб ёзишади (баъзи манбаларда унинг туғилган куни сафар ойининг учинчи куни, деб кўрсатилади, бу эса 18 августга тўғри келади).
Ибн Синонинг 450 дан ортиқ асаридан фалсафа, тиббиёт, мантиқ, руҳшунослик, кимё, биология, минерология, геология, астрономия, математика, мусиқа, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка бағишланган 242 (160) таси бизгача етиб келган. У бир муддат Хоразм Маъмун Академиясида фаолият олиб борган. Тиббиётни назарий ва амалий жиҳатлардан бир тизимга солиш орқали ушбу соҳани бир неча асрларга илгарилатган, айрим йўналишларда, ҳатто ҳозирги замон тиббиётига яқинлаштирган.
Унинг “Тиб қонунлари” асари XII асрдан бошлаб лотин тилига ўгирилган ва 30 мартадан ортиқ нашр қилиниб, Европа университетларида асосий дарслик саналган, 800 йил мобайнида Шарқ ва Ғарб табибу шифокорлари учун қўлланма бўлган.
1422 йил (бундан 603 йил олдин) – Амир Темур вафот этган чоғда ўрдагохда бўлмаганлиги туфайли, қонуний валиаҳд ҳисобланса-да, тахтга чиқолмаган темурийзода Пир Муҳаммад Мирзонинг бешинчи ўғли Бузанжар Мирзо 21 ёшида вафот этди. У ҳеч қаерда ҳукмронлик қилмаган. Темурийлар ҳукмдори Шоҳруҳ Мирзо саройида хизмат қилган. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Бузанжар Мирзонинг вафотини эшитган Шоҳруҳ Мирзо, дарҳол унинг масканига бориб, сағир қолган болалари ва бева қолган хотинига ҳамдардлик билдирган.
1844 йил (бундан 181 йил олдин) – “Мунтахаб ут-таворих” асари муаллифи Муҳаммадҳакимхон Тўранинг маълумотига кўра, Қўқон хони Шералихон Муродхон томонидан қатл қилинди. Шунда у 55 ёшда бўлган, 2 йил ва бир ойу 25 кун хонлик қилган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Қўқон хони Олимхоннинг ўғли Муродхон 9 кунлик хонликдан кейин 23 август куни қипчоқлар қўлида Мусулмонқул ва Муҳаммадназарбек раҳбарлигида ўлдирилган. Шералихоннинг ўғли Худоёрхон 24 августда тахтга кўтарилган. Худоёрхон уч маротаба Қўқон тахтига ўтирган.
1877 йил (бундан 148 йил олдин) – Тошкентда ташкил этилган Тошкент шаҳар Думасига сайловлар бошланди. 30 августда унинг очилиши бўлиб ўтди. Думада Сирдарё ҳарбий губернатори бошчилигида махсус ҳайъат тузилиб, у сайловчилар рўйхатини тузиш, шаҳар жамоатчилик бошқарувига сайлов ўтказиш бўйича иш олиб борди. 4 йилда бир марта ўтказиладиган сайловда 25 ёшга тўлган фуқаролар, асосан, савдогарлар, йирик корхоналар ва уй эгалари иштирок этганлар. Тошкент шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида Дума раиси ҳам бўлган.
1910 йил (бундан 115 йил олдин) – Хива хони, шоир ва бастакор Муҳаммад Раҳимхон соний Феруз юрак фалажидан вафот этди. 1908 йилда Муҳаммад Раҳимхон соний Феруз пайғамбар ёшига тўлгани сабабли, элга катта тўй берган эди. Орадан икки йил ўтиб, хон 66 ёшида дунёдан ўтди. Шу куни Хоразм тахтига унинг тўртинчи ўғли Саййид Асфандиёр тўра кўтарилди. Эртасига Ферузнинг ўзи қурдирган Аркнинг олдидаги мадраса саҳнида жанозасини ўқиб, отаси Саййид Муҳаммад Моҳи рўйи жаҳоннинг қуббайи олийларида тупроққа қўйилди. Тахтда 47 йилу 15 кун ўтирган Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон шубҳасиз Хива хонлиги тарихида ўчмас из қолдирган давлат арбобларидан бири эди.
1939 йил (бундан 86 йил олдин) – ёзувчи, драматург, публицист, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимов таваллуд топди (вафоти 2020 йил). Унинг адабий фаолияти ўтган асрнинг 60-йилларида бошланган. “Тил – тақдир демак”, “Ватан туйғуси” (ҳамкорликда), “Бизким, ўзбеклар” каби бадиий ва сиёсий-публицистик асарларида тил, кўҳна миллий давлатчилигимиз тарихи акс эттирилган. У 1999 йилда “Меҳнат шухрати” ордени билан мукофотланган.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Минтақавий банк ўқув маркази тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar-kelajagimiz» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилалар фарзандларининг умумтаълим муассасаларидаги куни узайтирилган гуруҳларда ўқишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида Вақт ва частота хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА