
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2025 йилнинг Навоий вилоятида Алишер Навоий йили, деб эълон қилиниши, шунингдек, буюк мутафаккир ва шоир Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган “Алишер Навоий ва шарқ Ренессанси” мавзусидаги IV халқаро илмий-назарий симпозиум доирасида Навоий давлат университетида ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди.
Унда университетнинг санъат соҳасидаги ижодкор устоз ва талабалари томонидан яратилган 100 дан ортиқ санъат асарлари жой эгаллади.



– Бу каби ташаббуслар Навоий меросини кенг тарғиб қилиш баробарида ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг камол топишига кўмаклашишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – дейди Санъатшунослик факультети декани Отабек Раҳимов. – Бу ижод намуналари Навоий асарлари ва ғояларини санъат тили орқали янги қиёфада акс эттириб, улуғ шоир меросини ёш авлод нигоҳи билан талқин этиш имконини беради. Талабаларнинг Алишер Навоийга мурожаат этиши, унинг асарларидан илҳомланиши, миллий ва умуминсоний ғояларни санъат орқали ифодалашга бўлган интилишлари уларнинг ижодий ҳамда интеллектуал салоҳияти юксалаётганининг ёрқин ифодасидир.



Кўргазма 1 ой давомида Навоий давлат университети галерея залида намойиш этилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири