Ҳар йили умумтаълим мактабларини юзлаб иқтидорли, орзулари бир олам бўлган ўқувчи-қизлар битиради. Уларнинг ўқиб билим олишлари учун барча имкониятлар ишга солинган. Келажак тарбиячилари бўлмиш қизлар камолотига, уларнинг олий таълим олиши, замонавий касб-ҳунар ва технологиялар, хорижий тилларни эгаллашига катта эътибор берилмоқда.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва шу каби қатор мукофотлар чинакам иқтидорларни, илм-маърифатли ёшларни саралаб беради. Бу каби рағбатлар инсонни янада кучлироқ бўлишга ундайди.
Президентимизнинг “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 3-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Камолова ҳам ўзининг зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари учун эътироф этилди.
– Оиладаги қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида биринчи навбатда ота-оналарнинг муносабати катта аҳамият касб этади, – дейди Шаҳзода Камолова. – Ота-онанинг фарзандига бўлган ишончи катта мотивация. Мен ҳамиша оилада, ўқишда ўзимни эркин ҳис қилганман, ўз қарорларим ва мақсадларим хусусида ота-онам билан бемалол мулоқот қила олганман. Улар энг аввало танқидни, эътирозларни тўғри қабул қилишимни ўргатишган. Зулфия номидаги Давлат мукофотига ўз номзодимни тақдим этишга бироз ҳадиксираганман. Лекин яқинларимнинг далдаси шу қадамни ташлашимга туртки берган. Тўғри, рағбат яхши, аммо ўйлайманки, порлоқ келажакка интилаётган ёшлар учун мукофот муҳим эмас. Дунёда ҳалигача рўзғор ва меҳнатдаги тенгсизликнинг оғир юки остида яшаб келаётган аёл-қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Олдимизда фақат ўзимизга тақдим этилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш вазифаси турибди. Зеро, жамият ҳаёти, юртнинг тинчлиги ва фаровонлиги, буюк келажак бизнинг қўлимизда. Рақамли иқтисодиёт йўналиши доим қизиқиш уйғотган. Интеллект ва инновация бирлашган жойда аёллар учун ҳам янгидан-янги имкониятлар яратилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/R4Q_hxM_StI" title="Buyuk kelajak bizning qo‘limizda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мен ҳали ёш ўқувчиман. Олдимда узоқ йўл турибди. Бу йўлда эса ота-онам дуоси, Президент ишончи, устозларим ўгити ҳамроҳим бўлади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА