Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевининг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 14-16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Самарқанд шаҳрида олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Ташриф учун Самарқанднинг танланиши бежиз эмас албатта. Чунки, бу қадимий кент Хитойдан бошланган Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашгани, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғлагани, юксак маданият, илм-фан ва цивилизация маркази бўлгани билан тарихий аҳамиятга эга.
Хитой Халқ Республикаси Раиси кеча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақоласида Тан сулоласининг буюк олим-роҳиби Сюань Цзан 1300 йил аввал ўз саёҳатномасида гуллаб-яшнаган Самарқандга “Бу замин мўл-кўл ризқ рамзи бўлмиш ғалла етиштириш учун жуда қулай, ранг-баранг гулларга, мазали меваларга бой” деб таъриф берганини алоҳида қайд этган.
Самарқанд бугун ҳам ана шу нуфуз ва мақомига мос равишда дунё аҳли нигоҳида бўлиб турибди. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Хитой билан ҳам савдо-иқтисодий, таълим ва маданият, гуманитар соҳаларда алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Бугунги кунда Самарқанд ва Сиань шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари йўлга қўйилган. Самарқанд давлат чет тиллар институтида хитой таълим йўналиши бўйича қадрлар тайёрланмоқда. Институт қошида эса Конфуций институти фаолият кўрсатади. Бу ерда Хитой халқи тарихи, маданияти, тили ва урф-одат, анъаналари ўрганилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида Конфуций майдони ташкил этилиб, бу ерда улуғ аллома ҳайкали ўрнатилган.
[gallery-8777]
Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини ривожлантириш доирасида турли соҳаларда кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида Хитой ишбилармон доиралари билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар йил сайин ривожланаётир.
Вилоят ҳокимлигининг маълумотларига кўра, ҳозирга кунда Самарқандда Хитой компаниялари капитали иштирокида 71 та қўшма ҳамда 28 та хорижий корхона фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Хitoy besh barmoq qurilish materiallari” қўшма корхонаси Булунғур туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, “Sam eco root” корхонаси Пастдарғом туманида қизилмия экстрактини қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Каттақўрғон туманида эса чин ўлкаси ишбилармонлари билан ҳамкорликда цемент ишлаб чиқаришга йўналтирилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида ўндан ортиқ корхона хитойлик тадбиркорлар билан биргаликда ташкил этилган.
Вилоятда 2021 йилда 83 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Хитойдан 69,5 миллион долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилган. Натижада 7,2 миллион доллар маблағ эвазига Самарқанд шаҳрида “Сахари” масъулияти чекланган жамияти томонидан маиший техника, 15 миллион доллар инвестиция ҳисобига “Азия Металл Проф” корхонасида темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Давлат инвестиция дастурига мувофиқ жорий йилда Самарқандда хитойлик ҳамкорлар билан 21 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда йилнинг ўтган даврида 76,3 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди. Натижада Ургут туманидаги “Innovation med total” масъулияти чекланган жамиятида болалар тагликлари, тиш пастаси ва акрил елимлар ишлаб чиқариш, Иштихон туманида “Samarkand Stone Trade Corparation” қўшма корхонасида қурилиш материаллари тайёрлаш йўлга қўйилди.
Самарқанд вилоятининг Хитой билан товар айланмаси ўтган йил 285,9 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг саккиз ойида бу кўрсаткич 201,2 миллион доллардан ошди. Хитой Халқ Республикаси Раисининг юртимизга бу галги ташрифи мамлакатларимиз ўртасида қарор топган мустаҳкам дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА