Саёҳат манзиллари
Маълумотларга кўра, юртимизда 8,2 мингтадан зиёд маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз тарихига эга. Бу тарихий-маданий объектлар хорижий сайёҳлар ташриф буюрувчи асосий манзиллар саналади. Навоий вилоятида ҳам хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни ўзига ром қиладиган, уларнинг қадами узилмайдиган маданий мерос объектлари талайгина. Ана шундай қадамжолардан бири Работи Малик карвонсаройи ва унинг рўпарасида жойлашган Сардобадир.
Работи Малик Кармана – Бухоро йўлида жойлашган карвонсаройдир. Тарихий манбаларга кўра, у XI асрнинг 70-йилларида Қорахонийлардан бўлмиш Шамсулмулк Наср ибн Иброҳим томонидан қурилган. XII асрнинг биринчи чорагида Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон томонидан таъмирланган.
Археологик тадқиқотларга кўра, карвонсарой 100×100 метр майдонни эгаллаган бўлиб, мустаҳкам деворлар билан ўралган ва икки қисмга бўлинган.
– Работи Малик Бухоро ва Самарқанд оралиғида Шарқу Ғарбни боғловчи жойда қад ростлагани боис, ўз даврида муҳим аҳамият касб этган иншоотлардан бири саналган, – дейди тарихчи олим Рамазон Эгамов. – Тарихий маълумотларга асосланадиган бўлсак, карвонсарой XVIII асргача хизмат қилган. Унда Амир Темур ва унинг авлодлари, Бухорода ҳукмронлик қилган сулолаларнинг хонлари, элчилар, савдо карвонлари ва сайёҳлар қўниб ўтган. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Мирзо Улуғбек 1420 йилда ушбу минтақаларда тўхтаб, қирқ кун ов қилган. XIX аср охири XX асрнинг бошларида бу ерда Работ номи билан қишлоқ ҳам бўлган. Ҳозирда Работи Маликдан фақатгина пештоқ қолган.
[gallery-21104]
Работи Маликдан бир оз ўтгач, диаметри қарийб 13 метрча келадиган Сардоба жойлашган. Ҳовузнинг айлана девори ердан 12 метр чуқурликка қадар пишиқ ғиштдан қурилган.
Сардоба форсча сўз бўлиб, “сард” - совуқ, “оба” - сув маъносини билдиради. Бу иншоот сув танқис ерларда қурилган махсус ҳовуз бўлиб, гумбаз шаклида қурилган. Пишган ғишт ва гил тупроқдан ишланган сардобага кириш учун эшик ҳам ўрнатилган. Унда муздай тоза сув бутун ёз бўйи сақланган. Сардобадан сув ичиш учун барча йўловчи ва карвонлар тўхтаб ўтишган.
– 2023 йил 10-25 сентябрь кунлари Саудия Aрабистони Aр-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида Буюк Ипак йўлининг Зарафшон – Қорақум коридорида жойлашган 31 та маданий мерос объектлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Хўжаев. – Улар орасида Навоий вилоятида жойлашган “Қосим Шайх” мажмуаси, “Мирсаид Баҳром” мақбараси, “Карвонсарой”, “Сардоба” ҳамда “Мавлоно Ориф Деггароний” масжиди маданий мерос объектлари бор.
Бугун юртимизда мавжуд маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, уларни ўз ҳолича келгуси авлодларга етказиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаттоки, Конституциямизнинг 61-моддасида фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт. Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб алоҳида белгилаб қўйилган. Шундай экан, ҳар биримиз халқимизнинг бой тарихий меросига эҳтиёткорона муносабатда бўлайлик. Уни асраб-авайлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшайлик.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари