Туркиянинг Анқара шаҳридаги хиёбонда улуғ қомусий олим Аҳмад ал-Фарғоний бюсти ўрнатилди. Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги делегацияси таркибида Фарғона вилояти вакиллари ҳам иштирок этди.
Аҳмад ал-Фарғонийнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси дунё олимлари томонидан ҳам кенг эътироф этилади. Ўзбекистон ва халқаро туркий маданият ташкилоти – Турксой саъй-ҳаракатлари туфайли амалга оширилган ушбу тадбир халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланиши, ноёб тарихимиз ва меросимизни ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамият касб этади, албатта.
Маросимда Фарғона давлат университети ректори, профессор Баҳодир Шермуҳаммадов ҳам қатнашди.
– Биз фарғоналиклар буюк астроном, математик ва географ аллома Аҳмад ал-Фарғонийдек улуғ юртдошимиз билан фахрланамиз. Бобокалонимизнинг ҳайкали юртимизда, Фарғона шаҳри ва Қува туманида ҳам салобат тўкиб, халқимизга ғурур-ифтихор бағишламоқда. Бугун Анқарада олим бюстининг ўрнатилиши эса турк дунёсининг Аҳмад ал-Фарғонийга, шунингдек, туркий халқлар маданияти, урф-одат ва қадриятларига бўлган юксак ҳурматнинг амалий ифодаси, деб биламан, – дейди Б.Шермуҳаммадов.
Орадан қанча асрлар ўтмасин, Аҳмад ал-Фарғоний илмий изланишлари ва асарлари билан жаҳон фан оламида катта из қолдирган, умумбашарий тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган улуғ олим сифатида юксак қадр топиб бораверади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА