24 октябрь–Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкал мажмуаси очилган кун
Ўтмишда яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ибратли ҳаёти, серқирра фаолияти, илм-фан ривожи йўлидаги оламшумул ишлари бугун ҳам жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.
Улар олиб борган илмий изланишларда инсон руҳиятининг маънавий юксакликка интилиши, тинчлик-фаровонлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик, яратувчанлик, юрт ободлиги каби эзгу ғоялар мужассам. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1998 йилда Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Улуғ аждодимизга эҳтиром сифатида алломанинг салобатли ҳайкали ўрнатилди, Фарғона шаҳрида ул зотга бағишланган муҳташам мажмуа қад ростлади. Мазкур мажмуа бугунги кунда нафақат ҳамюртларимиз, ёшларимиз, балки дунёнинг турли мамлакатларидан келган зиёратчилар учун ҳам табаррук масканлардан бирига айланган.
– Халқимиз шуҳратини дунёга таратган буюк аждодларимиз бизнинг фахр-ифтихоримиздир, – дейди Фарғона давлат университети профессори Сидиқжон Мўминов. –Айни пайтда уларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва ундан самарали фойдаланиш ҳар биримиз, айниқса, ёшлар учун беқиёс аҳамиятга эга. Аҳмад Фарғоний мероси ҳам бизнинг буюк маънавий хазинамиздир. Улуғ бобокалонимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, уни кенг омма ва ёш авлодга етказиш асосий вазифаларимиздан биридир. Шу мақсадда бобокалонимиз меросининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ва аҳамиятига қаратилган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Қомусий олим Аҳмад Фарғоний муборак заминимиздан етишиб чиққан, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломалардан.
Буюк астроном, математик ва географ Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний 797-865 йилларда яшаб ижод қилган. У Фарғонада таваллуд топган. Европада Ал-Фраганус номи билан шуҳрат қозонган. Олим астрономия, математика ва география фанлари билан мукаммал шуғулланган. Қатор илмий ва амалий асарлар ёзиб қолдирган. У Дамашқдаги расадхонада осмон жисмлари ҳаракати ва ўрнини аниқлаш, янгича зиж (астрономик жадвал) яратиш ишларига раҳбарлик қилган ҳамда 832-833 йилларда Сурия шимолидаги Синжор даштида Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини аниқлашда қатнашган.
[gallery-19968]
Бизнинг давримизгача Аҳмад Фарғонийнинг саккизта асари етиб келган. Аллома томонидан IX асрда яратилган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далиллар мавжуд бўлиб, мазкур китоб XVII асрга қадар Европа университетларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган ҳамда Буюк географик кашфиётлар даврида Колумб, Магеллан ва бошқа саёҳатчиларнинг кашфиётлари учун илмий асос бўлиб хизмат қилган. Аҳмад Фарғонийнинг амалий ютуқларидан бири унинг ўрта асрлардаги асосий астрономик асбоб – устурлоб назариясини ишлаб чиққани ва шунингдек, Нил дарёсида “ниломер” деган, кўп асрлар давомида сув сатҳини ўлчайдиган асосий восита сифатида хизмат қилиб келган машҳур иншоотни яратгани бўлди.
Буюк аллома асарларини ўрганиш, ёшларга кенг тушунтириш борасидаги ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Аллома номи билан аталувчи вилоят ахборот-кутубхона марказида анъанавий равишда илмий анжуманлар, кўргазмалар ўтказилаётир. Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти ва бошқа олий ўқув юртлари, умумтаълим мактабларида ҳам Аҳмад Фарғоний мероси кенг ўрганилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йилда қабул қилинган Аҳмад Фарғоний таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори асосида алломанинг ҳаёти, фаолияти, илмий меросини ўрганиш билан бирга, у туғилиб ўсган Қува шаҳри илмий жиҳатдан тадқиқ этилди. Бу ерда олиб борилган кенг кўламли археологик изланишлар шаҳарнинг қадимги даврдан бошлаб ривожланиш босқичларини кузатиш имконини берди. Қува шаҳристонининг жанубий девори остидан, ер сатҳидан 8,20 метр чуқурликда аниқланган кулолчилик буюмлари милоддан аввалги IV-III асрларда бу жойда аҳоли яшаш пункти бўлганлигини кўрсатди. Тадқиқотлар давомида шаҳарнинг кейинги ривожланиши, унинг топографик кўриниши, аҳоли турар жойлари, ибодатхоналар, мудофаа деворлари, аллома яшаган даврдаги ҳолати ҳақида қимматли маълумотлар тўпланди.
Қува шаҳри бир неча даҳага бўлиниб, уларда ҳунармандчилик ривожланган. Шарқий томонда шиша ишлаб чиқарувчи, ғарб томонда кўза ясовчи устахоналар қолдиқлари топилди. Аҳмад Фарғоний даврида шаҳар 700 квадрат метр майдонни эгаллагани аниқланди.
Тадқиқотлар Қува шаҳри йирик ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, маданий ва сиёсий марказлардан бўлганлигини кўрсатди. Бу шаҳарда илм-фаннинг турли соҳалари ривожланиши, Аҳмад Фарғонийдек алломалар етишиб чиқишига замин яратган.
Президентимиз жорий йил Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Шаҳристон Кубоси” археология ёдгорлигида осмон остида музей ташкил этиш таклифини берди. Албатта, бу тарихимизни тарғиб этиш ҳамда алломаларимизнинг меросини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмад Фарғоний каби буюк аждодларимизга муносиб бўлиш, уларнинг илмий изланишларини давом эттириш йўлида ишлар изчил олиб борилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА