Бухоролик ёшлар IТ йўналишида етакчи
Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, IТ Парк Бухоро филиали ҳамкорлигида “Келажак касблари – Фрилансерлик сари илк қадам” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.–
–Мазкур учрашувни ташкил қилинишидан асосий мақсад келажак касбини яъни IТ соҳасини эгаллашга бел боғлаган, Дастурлаш фаолияти билан шуғулланиб келаётган ҳамда ушбу соҳани эгаллаш орқали даромад кўришни мўлжаллаётган ёшларни IТ соҳасидаги малакали фрилансерлар, IТ компания асосчилари ва тажрибали мутахассислари билан таништириш, жумладан, ушбу касбни эгаллашнинг муҳим омиллари, уни даромад манбаига айлантириш ҳамда соҳанинг юқори натижаларига эришиши бўйича тажриба алмашиш ҳисобланади, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алижон Яхшиев. – Учрашув IТ соҳасида юқори билим даражасига эга мутахассис ва тадбиркорлар ҳамда ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшларнинг очиқ мулоқоти кўринишида ташкил қилинди.

Тажрибали IТ соҳаси вакиллари ўзларининг дастурлаш соҳасидаги тажрибаси ва фаолияти билан таништириб, қандай қилиб фрилансерлик платформаларида рўйхатдан ўтиш ва буюртмани олиш, ўз бизнесини йўлга қўйишда нималарга эътибор қаратиш бўйича тавсиялар бериб ўтди.
Учрашув давомида IТ таълим соҳасида фаолият юритувчи етакчи ўқув марказлари томонидан викторина савол жавобларига асосан ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи ёшларга бепул таълим олиш учун имтиёзли сертификатлар топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА