Бухорода хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, касб-ҳунарли бўлишларида яқиндан ёрдам бериш, жойларда камбағалликни қисқартиришда аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова иштирок этган тадбирда оила муҳитида турли зўравонлик ва камситишларга дуч келаётган хотин-қизларни қонуний ҳимоялаш, оилавий ажримлар, қолаверса, жиноятчиликка барҳам бериш, хотин-қизлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Соҳага дахлдор ташкилот ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва олий таълим муассасалари масъул раҳбарлари, шаҳар ва туманлар студияларидан ҳокимлар бошчилигида маҳаллаларда комплекс ёндашув тизими асосида ижтимоий хизматларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўйича вилоят Штаби аъзолари, оила ва хотин-қизлар бўлими масъуллари қатнашди.
[gallery-10396]
Йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов олиб борди. Муҳокамада Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари бир қатор вилоят ва ҳудудлар мисолида жумладан, Бухоро вилоятида, Вобкент, Шофиркон, Когон, Ғиждувон, Ромитан туманларининг бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича режалари пухта ишлаб чиқилмагани, уларда мавжуд барча имконият ва захиралар ҳисобга олинмаганини танқид қилди. Албатта, бу борадаги ишлар, йўл қўйилаётган нуқсон ва камчиликларда бевосита хотин-қизлар масалалари алоҳида ўрин тутади. Шу боис муҳокамада қатор жабҳаларда дуч келинаётган муаммолар ўртага ташлангани ҳолда улар ечимига эътибор қаратилди. Ўтган йил вилоят шаҳар ва туманларида жами 157 минг 105 та оила маҳаллабай ўрганилган. Улардан қарийб 17 мингтаси жуда ночор ва ижтимоий муҳофазага муҳтожлиги аниқланган. Бу оилаларга сифатли тиббий хизмат, тиббий ижтимоий реабилитация хизматларини жалб этиш билан бирга моддий таъминотини барқарорлаштириш тақозо этилади. Ромитан, Когон, Вобкент, Шофиркон, Қоракўл, Пешку туманларида хотин-қизлардан тушаётган мурожаатларни ўрганиш ва ҳал қилиш даражаси қониқарсиз аҳволда. Бандлик, аёллар тадбиркорлиги марказлари фаолияти талабга жавоб бермайди. Жойларда хотин-қизлар лаёқати ва талабига мос таклиф қилинаётган иш ўринлари учун иш ҳақи миқдори жуда пастлигича қолмоқда.
Якунланган йилда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш Агентлиги, шунингдек, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармалари ҳамкорлигида Бухоро вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик марказида касб-ҳунарга ўқитилган 3,5 мингдан ортиқ хотин-қиздан фақат ярмигина ўз даромадли ишини топган. Маҳалла ва қишлоқларда иссиқхона хўжаликлари, тикувчилик ва шунга ўхшаш ҳунармандчилик турлари билан бирга, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик тармоқларини ривожлантириш ва бунда ташаббускор хотин-қизларни субсидия маблағи билан қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам қониқарсиз даражада. Шунингдек, 2022 йил давомида вилоятда 1 минг 400 нафардан зиёд аёл ҳуқуқбузарлик содир этиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. 2 минг 500 тадан зиёд оилада ажрим қайд қилинган. Турли даражадаги зўравонлик ва таҳдидга дуч келаётган аёллардан 3 мингдан ортиғи ички ишлар органлари ижтимоий муҳофаза ордерини олган.
Афсуски, Қоракўл, Шофиркон, Ғиждувон туманларида, Бухоро ва Когон шаҳарларида аёллар иштирокидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноят сони ошган. 2021–2022 ўқув йилида вилоятдаги 540 тадан кўпроқ ўрта умумтаълим даргоҳини тамомлаган қизларнинг 4 мингдан ошиғи ўзлари танлаган мутахассислик бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Аммо бу ўтган йили умумий битирувчи қизларнинг 40 фоизидан ҳам паст кўрсаткич. Қоракўл, Олот, Шофиркон, Вобкент, Когон, Пешку туманларида бу борадаги кўрсаткич 25-38 фоиз атрофида. Ёки вилоятда олий таълим муассасаларини битириб чиққан 2 минг 915 нафар ёш мутахассис хотин-қизнинг атиги 348 нафари таҳсилни магистратура босқичида давом эттирмоқда.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этган Бош вазирнинг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова вилоятнинг йирик иқтисодий–ижтимоий салоҳияти ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқлари баробарида ҳар бир шаҳар ва туманда хотин-қизлар муаммолари, ижтимоий муҳофазаси, таълим тарбияси ва моддий таъминотига эътиборни ошириш, вилоятни намунали ҳудудга айлантириш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова хотин-қизлар ижтимоий муҳофазасига доир ўрганишларни Жондор туманида ўтказди. Маълумотларга кўра, Жондор туманида 2022 йил мобайнида хорижда ишлаб юртимизга қайтиб келган 516 нафар хотин-қизлардан қарийб 400 нафарининг бандлигини таъминлашга кўмаклашилган. Айни пайтда туманнинг 1242 нафар хотин-қизлари вақтинчалик чет элда меҳнат қилмоқда. Хорижда меҳнат қилаётган юртдош хотин-қизларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий қўллаб-қувватлаш, чет элдан қайтганларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб иш топишига кўмаклашиш, хусусан, қайтган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан “маҳалла – меҳнат органлари – сектор” тизими асосида индивидуал ишлаш муҳим аҳамият касб этади.
Туман ҳокимлигида сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, маҳалла масъуллари ва хотин-қизлар фаоллари билан бўлиб ўтган мулоқотга чет эл меҳнат миграциясида бўлган хотин-қизларнинг оила аъзолари ҳам таклиф қилинди. Мулоқот жараёнида миграциясидаги бир гуруҳ хотин-қизлар билан телеграм иловасида видеочат орқали боғланиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди. Хориждан она Ватанга қайтган, юртимиздаги имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз тадбиркорлик ишини йўлга қўйган жондорлик хотин-қизлар томонидан ташкил этилган ярмарка иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, “Аёллар дафтари” нинг 3-босқичида ишсизлар тоифаси рўйхатига киритилган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 30 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикувчилик асбоб-ускуналари топширилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА