Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактаблари хорижий тил ўқитувчиларининг 57 фоизи халқаро ва миллий сертификатга эга бўлди. Бу ҳақида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 2841 нафар хорижий тил фанлари ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда. Мавжуд 534 мактабнинг 491 тасида инглиз тили фани ўқитилади. Бу жараённи 2433 нафар педагоглар олиб бормоқда. Хорижий тил педагогларининг 224 нафари француз, 184 нафари немис тили фани ўқитувчилари ҳисобланади.
Тизимда илғор халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш, янги замонавий таълим методикаларни жорий этиш мақсадида сўнгги беш ой мобайнида Япония, Россия ва АҚШ давлатларидан 11 нафар хорижий педагоглар таълим жараёнларига жалб қилинди.
Бундан ташқари, турли хорижий олийгоҳлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик лойиҳалари ҳам амалга оширилди. Жумладан, USAID va RTI International тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Баркамоллик учун таълим дастури” доирасида ўқувлар ташкил этилди. Бунда 36 нафар инглиз тили фани ўқитувчиларининг малакаси оширилди.
Ҳиндистон ҳукумати техник-иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC) доирасида вилоятдаги 230 нафар инглиз тили ўқитувчилари учун онлайн ўқув курслари ташкил этилди.Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан йўлга қўйилган Ўзбекистонда инглиз тили ўқитувчиларининг билим ва малакаларини оширишга қаратилган English Speaking Nation: Secondary Teacher Training (ESN:STT) лойиҳаси доирасида ҳам самарали ишлар олиб борилди. Америка ташкилотлари ҳамкорлигидаги мазкур дастурда 150 дан ортиқ инглиз тили фани ўқитувчилари қамраб олинди. Ҳафтанинг жума кунлари семинар-тренинглар ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вазирлик тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан ташкил этилган “Ўқувчиларда танқидий фикрлашни лойиҳа ишлари орқали шакллантириш” мавзусидаги семинар-тренингда ҳам 50 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари иштирок этди. Президент мактабининг илғор тажрибаси, таълим соҳасидаги янгиликлар, замонавий методикалар, ўқувчиларда креатив ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш усуллари билан танишди.
Олиб борилган бу каби чора-тадбирлар натижасида айни пайтда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчиларининг 57 фоизи халқаро ва миллий сертификатга эга бўлди. Бу ўтган ўқув йилдаги кўрсаткич (31.2 фоиз)нинг 25.8 фоизга ошганлигини кўрсатмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА