Бухоролик пиллакорлар маррани забт этди
Бухоро вилояти «кумуш тола» ижодкорлари бу йил ҳам мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлди. Шу пайтгача қабул пунктларига 2 минг 400 тонна пилла топширилди. Кўзланган хирмон ошиғи билан уддаланди. Бу кўрсаткич 2020 йилги мавсумда кўтарилган хирмон 1 минг 648 тонна “кумуш тола”дан 706 тоннага кўп демак.
Ўтган йили 27 апрелда содир бўлган табиий офатдан қишлоқ хўжалиги, жумладан, бир нечта тумандаги тутзор ҳам зарар кўрди. Биргина Олот туманида 253 гектар тутзорга зиён етди. Аммо шундай мураккаб вазиятда омилкорлик билан иш тутиш, илғор усулларга таяниш, пиллачиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўз натижасини берди.
Салмоқли хирмонда бугун Шофиркон, Бухоро, Пешку, Қоракўл, Олот, Ромитан, Ғиждувон, Когон, Жондор туманлари пиллакорларининг қўшган ҳиссалари салмоқли бўлди. Бу йил вилоят туманларида ўтган йилга нисбатан 2 минг қутидан ортиқроқ, яъни 42 минг 36 қути пилла тарқатилди. Баракали хирмон бунёд этилди. Пиллачилик соҳасида яратилган имконият, оилавий звенолар ва касаначиларнинг қўллаб-қувватланиши, уларга озиқ-овқат, рағбат пуллари, шунингдек, меҳнат шартномаси асосида иш ҳақининг ўз вақтида бериб борилиши ипак қурти боқиш истагидаги оилаларнинг сони ортишига олиб келди.

Шу мақсадда 1 минг 900 дан ортиқ фермер хўжалиги ёки 13 минг 533 та касаначи, яъни, оилавий звенолар билан агрокластерлар ўртасида контрактация шартномалари тузилди. Жойларда туманлар ҳокимликлари ва пиллачилик кластерлари ҳамкорлигида тармоқ фаолияти самарали ташкил қилинди. Жараёнда пилла озуқа базасини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилди. Мавсумни беталофат ўтказиш чора-тадбирлари кўрилди. Бунда жумладан, шофирконлик миришкорлар 3 минг 352 қутидан 188 тонна ўрнига 192, Ромитан тумани пиллакорлари 3 минг 505 қути ипак қуртидан 196 тонна ўрнига 198, Бухоро тумани меҳнаткашлари 3 минг 464 қути ипак қуртидан 195 тоннадан зиёд, пешкулик заҳматкаш пиллачи хўжаликлар 2 минг 659 қути ипак қуртидан 150 тоннадан ошириб, қоракўллик оилавий звенолар эса 4 минг 578 қути ипак қуртидан 256 тоннадан кўп “кумуш тола” етиштиришга муваффақ бўлишди.
Ютуқ омили албатта, соҳада озуқа базаси таъминотига чамбарчас боғланади. Шу боисдан вилоятда жорий йил баҳор мавсумида якка қатор тут кўчатларини ўтқазиш ва тутзорларни кенгайтиришга жиддий киришилган.
– Амалга оширилган ишларга назар солсак, вилоят миқёсида бу йил эрта баҳорида жами 6 миллион 955 туп тут кўчати экиш ишлари бошланиб, якунда умумий миқдори 12 миллион 202 тупга ёки 132 фоизга уддаланди, – дейди вилоят ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раиси Ўткир Наврўзов. – Жумладан, “Romstar” қўшма корхонаси томонидан Жондор туманида жами 732 минг, Ромитан туманида 780 минг туп, “Bukhara Brilliant Silk” МЧЖ томонидан Шофиркондаги фермер хўжаликлари контурларида 732 минг туп, Пешку туманида 668 минг туп, “Kumushkent ipagi” МЧЖ томонидан Вобкентда 704 минг туп, Когон туманида 840 минг туп, “Qorakul ipak cluster” МЧЖ томонидан туманда 1 миллион 170 минг туп ўрнига 1 миллион 370 минг туп, “Gijduvon ipak tola” МЧЖ томонидан ҳудудда 841 минг туп ўрнига 1 миллион тупдан зиёд, “Olot ipak tolasi” МЧЖ томонидан эса 976 минг туп тут кўчати ўтқазилди. Вилоятда пилла етиштиришда кенгайтирилаётган тутзор майдони бу йил 4 минг 302 гектарни ташкил этди. Ўтқазиладиган тут сони 9 миллион 800 тупдан оширилади.
Вилоят Бандлик бош бошқармаси “Агропилла” ташкилоти билан ҳамжиҳатликда қишлоқ аҳолисини, айниқса “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш учун 1 қутидан пилла тарқатиб бериш орқали даромадли қилиш чоралари кўрилгани ўз натижасини берди.
Қоракўл туманининг “Қораҳожи” МФЙ да истиқомат қилувчи Шоира Очилова ҳамда «Дўрмон» МФЙ да яшовчи Қундуз Ҳожиева сингари кўп йиллик оилавий звеноларида ҳам баракали ҳосил етиштирилди. Уларнинг ҳар бирида 1,5 қути ипак қуртидан 130 килограммга етказиб ҳосил олинди ва тарози бошида қўлга киритилган соф фойда ҳам 1 миллион 200 минг сўмдан кам эмаслиги алоҳида рағбат демак.
– Вилоятимизда қимматбаҳо саноат хомашёси – пилланинг ҳар килограмми таннархи йил сайин ўсиб, пиллакорлар хўжаликлари сони ортаётгани баробарида фуқаролар бандлиги ҳам ошиб бормоқда, – дейди вилоят ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раиси Ўткир Наврўзов. – Хусусан, жорий йилги мавсумда 3,5 минг нафар доимий, 80 мингдан ортиқ мавсумий ишчи жалб қилинмоқда. Бунинг натижасида қабул масканларида саранжомланган пилла ҳосилини хомашё эмас, балки қайта ишланган ҳолда чет давлатларга экспорт қилишга қарор қилинган. Жорий йилда қайта ишлашга йўналтирилаётган 2 минг 354 тонна “кумуш тола”нинг умумий маҳсулот экспорти қиймати 8,6 миллион АҚШ долларидан кам эмас. Шу ўринда, қайта ишланадиган хомашё турларига тўхталсак, 169 тонна хом ипак ва 113 тонна ипак момиғини қайта ишлашдан 392 минг погонометр ҳажмдаги ипак мато, яна қирққа яқин гилам маҳсулоти тайёрланади ва хорижий буюртмачи ҳамкорларга етказилади.

Айни пайтда Бухоро, Олот, Қоракўл ва Ғиждувон туманларининг ҳар бирида 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар амалга оширилиши ва қайта ишлаш тизимини модернизациялаштириш ҳисобидан жойларда жами 19 минг кишини иш билан таъминлаш имконияти яратилади. Умуман, соҳада олиб борилаётган янгиланишлар туфайли вилоятда жорий йил август, сентябрь ойларида ҳам фермер хўжаликлари ва оилавий звенолар, касаначилар томонидан яна 4 минг 200 қути ипак қуртини парваришлаш, ишлаб чиқаришга қўшимча 170 тонна “кумуш тола” хомашёсини етиштириш чора-тадбири кўрилмоқда. Бу хирмон ҳам вилоят иқтисодиётига муносиб ҳиссадир.
Зариф Комилов, ЎзА