Бухоролик ўқувчилар халқаро олимпиада ғолиби бўлди
Бухоролик ўқувчилар халқаро математика олимпиадасида ғолиблар сафидан жой олди. Бу ҳақида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 3 - 4 июль кунлари онлайн тарзда Халқаро математика мусобақаси (IMC-2023) бўлиб ўтди. Мазкур олимпиадада 35 давлатдан жами 640 нафар ўқувчи иштирок этиб, ўз билимини синовдан ўтказди. Синовларда бухоролик ўқувчилар ҳам фаол қатнашди.

Натижаларга кўра, Олот тумани ихтисослаштирилган мактабининг 10-синф ўқувчиси Нурмуҳаммад Отамуродов ҳамда Қоракўл тумани ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчилари Азамат Икромов ва Юсуфжон Ортиқовлар яккалик баҳсларида бронза, жамоавий ҳисобда олтин медални қўлга киритди.
Зариф Комилов, ЎзА