Ватанимиз тарихидаги 19 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1410 йил (бундан 615 йил олдин) – темурийлар ҳукмдори Шоҳрух Мирзо Ўтрор ноиби, Амир Темурнинг собиқ лашкарбошиси Шайх Нуриддин исёнини бостириш учун салтанат пойтахти Ҳирот шаҳридан йўлга чиқди. Мазкур воқеани тарихчи Фасиҳ Аҳмад Хавофий қуйидагича қайд этади: “Олий Ҳазрат хоқон табаррук муҳаррам ойининг ўн тўртинчи кунида (милодий 1410 йил 19 майда) Самарқанд томонга кўрнамак Шайх Нуриддин кўтарган қўзғолонни бостириш учун жўнади. Марв номли жойга Самарқанд зодагонларининг, улар шаҳарни сақлаётганлари тўғрисидаги баённомаси келди”.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистон Республикаси Адлия халқ комиссарлиги (вазирлиги)нинг йиғилишида судялар тайёрлайдиган қисқа муддатли курслар очиш масаласи кўриб чиқилди. Тарихчи Дилшод Комоловнинг қайд этишича, йиғилишда 1919 йил сентябрдан бошлаб барча вилоят марказларида шундай курслар очиш, шунингдек, Адлия халқ комиссарлиги қошида судялар тайёрлайдиган марказий курс ташкил этишга қарор қилинди.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Анвар Пошо Россия ҳукуматига меморандум юбориб, унда 14 кун ичида Туркистон, Бухоро ва Хоразм (Хива)дан қизил армияни олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Совет ҳукумати бунга жавоб бериш ўрнига иккита чора қўллайди: Анвар Пошони инглиз малайи ва шарқ халқларининг душмани деб тарғиб-ташвиқ қилиш, унга қарши курашда ҳарбий қудратни ошириш ва кучайтириш ҳамда барча маҳаллий ва хорижий амалдорларнинг (Коммунистик партия аъзолари, разведкачилар ва бошқалар) ҳарбий қудратини, махсус бўлинма аъзоларини сафарбар этиш.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Али Ҳамроев таваллуд топди. У ўзининг “Ёр-ёр”, биринчи ўзбек фильм-операси “Дилором”, “Лайлак келди, ёз бўлди”, “Қизил қум” каби фильмлари билан танилган.
1938 йил (бундан 87 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Назар Тўраев таваллуд топди. У 1983–2000 йилларда Термиз университети ректори бўлган. Назар Тўраев назарий физика масалаларини компьютерда алгоритмлаб ечишни Ўзбекистонда биринчи бўлиб амалга оширган. Унинг раҳбарлигида лазер нури билан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини нурлантириш илмий лабораториялари ташкил этилган. У 1998 йилда “Меҳнат шухрати” ордени билан мукофотланган.
1953 йил (бундан 72 йил олдин) – Сергей Юренев бошчилигидаги олимлар Бухородаги Масжиди Калонда археологик қазишма ишларини бошладилар. Ковлаш ишларининг биринчи босқичи 22 майда якунланди. Бухоро тарихи акс этган адабиётларда Масжиди Калон қурилган сана ҳақида аниқ маълумот тополмаган Сергей Юренев мазкур қазиш ишлари орқали ўз олдига Масжиди Калоннинг қурилган йилини, ёшини ва унинг ўрнида дастлаб қандай бино бўлганлигига ойдинлик киритишни мақсад қилган. Унинг қайд этишича, Масжиди Калон ўрнида биринчи минг йилликнинг биринчи ярмида Кушонлар манзилгоҳлари бўлган. Биринчи масжид маданий қатламидан топилган Кушонлар даврига оид иккита сопол бўлаги буни тасдиқлайди. Кейинчалик бу манзилгоҳ ўрнида масжид қад кўтарган.
Тадқиқотчи тарихий маълумотлар ва катта ёшли бухоролик аҳоли маълумотларига асосланиб, Масжиди Калон, Минораи Калон билан бир вақтда 1127 йилда қурилган деган хулосага келади. Ёнғин натижасида вайрон бўлган бинони биринчи масжид деб қайд қилади. Маданий қатламдаги топилмаларга асосланиб ёнғин содир бўлган санани XIII охири – XIV аср бошлари деб қайд қилади. Бухоронинг вайронага айлантирилиши 1273 йил бўлса, етти йил давомида хароба ҳолида қолган. Тадқиқотчининг фикрича, иккинчи масжид XIII аср охири, яъни 1280 йил ёки XIV аср бошларида қурилган. Сергей Юреневнинг фикрича, иккинчи масжид 100 – 150 йилдан кейин бузилган, бунга пойдеворнинг мустаҳкам эмаслиги ва чўкиш сабаб бўлган. Кейинроқ унинг ўрнида учинчи масжид қурилган.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академиясида Республика Фанлар академияси фаолиятини эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш масалалари юзасидан умумий йиғилиш бўлиб ўтди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линияларининг қурилиши» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятидаги «Нуриллабой» тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА